17:45 / 26.04.2020
34801

Бухоро ва Тошкентда жами 58 бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилоятида 50 нафар, Тошкент шаҳрида 8 нафар бемор коронавирусдан тузалгани тўғрисида маълумот берди. Эндиликда Ўзбекистонда касалликдан тузалганлар сони 757 нафарга етди.

Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан 23 нафар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан 27 нафар бемор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.
Шифо топганларнинг 44 нафари Россиядан, 6 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, ихтисослашган шифохонага жойлаштирилган. Улардан 43 нафари эркак, 7 нафари аёл. Беморларнинг 9 нафари Самарқанд вилоятидан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан 8 нафардан, 5 нафари Андижон вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятидан 4 нафардан, 3 нафар Тошкент шаҳридан бўлса, Хоразм, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 2 нафардан, Жиззах, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшли қизалоқ. 

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 210 нафар бемор соғайган  бўлса, эндиликда уларнинг сони 260  нафарга етди. Қайд этилишича, беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 5 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 1 нафар бемор буткул соғайган ҳақида хабар берган. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридан бўлса, қолган 3 нафари эса Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятидан. Улардан 2 нафари Москва – Тошкент йўналишида чартер рейс орқали келишган. Қолган 3 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 4 нафари эркак, 1 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 26 ёшда. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 70 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 75 нафарга етди.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайган 42 ёшли бемор (эркак) Тошкент шаҳридан бўлиб,  коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 49 нафар бемор соғайган.

Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасида илк бор коронавирусга чалинган 2 нафар бемор: яқинда фарзандли бўлган аёл ҳамда ҳомиладор аёл соғайиб чиқишди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Биринчи бемор аёл 38 ёшда бўлиб, Наманган шаҳридан. Жорий йил 31 март куни Тошкент шаҳар перинатал марказида фарзандли бўлган. Онада коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келинган. Унинг фарзандида эса коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Ҳомиладор аёл эса 28 ёшда бўлиб, Самарқанд шаҳридан. У жорий йил 26 март куни Туркиядан Тошкентга келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ комлексига олиб келинган. Айни пайтда 32 ҳафталик ҳомиласи ривожланмоқда. 

Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар икки нафар беморда ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатди.

Бугун жами 58 нафар бемор тузалди ва Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар сони 765 нафарга етди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top