Ўзбекистон | 15:59 / 27.04.2020
9965
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда карантин маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуасини бошқариш бўйича махсус марказ (карантин маркази) ташкил этилади.

Карантин марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш;

карантин мажмуасини самарали бошқариш, карантин мажмуасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш ва карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назоратини тизимли равишда олиб бориш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан карантинга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришларини назорат этилишида ҳамкорлик қилиш;

карантинга олинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан марказлаштирилган тартибда чиқаришни ташкил этишда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

карантин мажмуасида мунтазам, шу жумладан, карантин тадбирлари якунлангандан кейин дезинфекция ишларини амалга оширишни таъминлаш.

Карантин маркази Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

Карантин маркази директори Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Карантин мажмуасига бириктирилган тегишли мутахассис, ходимлар ва ҳарбий хизматчилар меҳнат ва хизмат фаолиятини асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда олиб боради. Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларни қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, қарор билан Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом ҳамда Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисида низомлар тасдиқланди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид