Ўзбекистон | 21:03 / 28.04.2020
10488
2 дақиқада ўқилади

110 мингдан ортиқ хонадонга табиий газ таъминоти қайта тикланди

28 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудида рўй кузатилган кучли шамол ва ёмғир туфайли 120та газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларига талафот етказилган, натижада 138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газ таъминотидан узилганди. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, айни вақтда 110 мингдан ортиқ хонадонга табиий газ таъминоти қайта тикланган.

«Оқибатларни бартараф этиш учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг таркибий бўлинмалари томонидан 63та авария-тиклаш бригадалари тузилди. Кун давомида олиб борилган таъмирлаш ишлари натижасида Самарқанд ва Навоий вилоятлари, Бухоро шаҳри ҳамда Бухоро вилоятининг айрим туманларидаги истеъмолчиларга газ таъминоти тўлиқ тикланди.

Хусусан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Ширин газ тақсимлаш станциясидан газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Газ тақсимлаш станциясидан газ етказиб бериш ишлари қисқа вақт ичида тикланди, бу эса туман аҳлига аввалги режимда газ етказиб бериш тикланишига имкон берди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон, Нарпай туманларидаги 141 уйга газ етказиб бериш қайта тикланди. Дарахтлар ва шохлар қулаши оқибатида паст босимли газ қувуридаги носозликларни тиклаш учун 4та авария-тиклаш гуруҳи жойларга чиқарилди. Куннинг биринчи ярмида «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ мутахассислари тўртта тумандаги газ таъминотини тиклаш ишларини якунладилар.

«Ҳудудгаз Навоий» МЧЖ томонидан Навоий вилоятининг Навоий, Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа ва Кармана туманларида паст ва ўрта босимли газ қувурларининг шикастланишларини таъмирлаш учун 15та авария-тиклаш гуруҳлари тузилди. 28 апрелнинг шу вақтига қадар 21 мингдан ортиқ хонадон яна газ таъминоти тизимига уланди.

Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Шофиркон, Қоровулбозор ва Вобкент туманларида таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланди. «Ҳудудгаз Бухоро» МЧЖ томонидан тузилган 44та авария-тиклаш гуруҳлари келтирилган талафотларни бартараф этиб, вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 90 мингдан ортиқ хонадонга газ таъминотини қайта тикладилар. Бухоро вилоятининг Олот, Жондор ва Қоракўл туманларида таъмирлаш-тиклаш ишлари яқин вақтларда якунланади», дейилади «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид