Жаҳон | 08:26 / 29.04.2020
9169
2 дақиқада ўқилади

Сурияда бензовоз билан амалга оширилган терактда 40 киши ҳалок бўлди

Суриянинг Африн шаҳрида портловчи модда билан тўлдирилган бензовознинг портлатилиши оқибатида тинч аҳоли орасидан 40 киши ҳалок бўлди.

Фото: IHA Photo

Бу ҳақда Туркия мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қурбонлар орасида 11 бола ҳам бор. Яна 47 киши жароҳат олган.

Суриянинг SANA ахборот агентлигининг хабар беришича, портлаш оқибатида турк ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлган, бироқ уларнинг сони маълум қилинмаган. Шунингдек, турк ҳарбийлари орасида яраланганлар бор. Портлаш шаҳар марказидаги бозор яқинида содир этилган ва катта талафотларга олиб келган.

Туркия мудофаа вазирлиги терактда курд қуролланган тузилмаларини айблаган.

Портлашдан кейин АҚШ давлат департаменти Афринда вазиятнинг деэскалациясига чақирган. Жумладан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео ушбу портлашни “Африндаги беайб қурбонларга қарши содир этилган қўрқоқона теракт” деб атаган. “Бундай ёвузликларга ихтилофнинг бирор томонидан йўл қўйиб бўлмайди”, дейилган хабарда. 

Африн Сурия шимолида жойлашган бўлиб, турк қуролли кучлари назоратида қолмоқда. Туркия шаҳар устидан назоратни 2018 йилда “Зайтун шохи” амалиёти давомида ўрнатган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид