Жаҳон | 07:27 / 30.04.2020
13216
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги ёнғинда 38 киши ҳалок бўлди 

Жанубий Кореянинг Ичхон шаҳрида қурилиш майдончасидаги омборда юз берган ёнғин оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлди.

Фото: REUTERS

Бу ҳақда мамлакат ўт ўчириш хизматида маълум қилинди.

Шунингдек, 10 киши жароҳат олган. Улардан 8 нафарининг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда. Маълумотларга кўра, ёнғин 4 қаватли бинода кундузи бошланиб, уни фақатгина кечга яқин ўчиришга муваффақ бўлинган.  

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин омборда соат 13:30 атрофида бошланган. Ўша вақтда омборда 78 ишчи бўлган. Улардан баъзиларининг қаердалиги ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Ҳукумат қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ошиши мумкинлигини айтмоқда. 

Гувоҳларнинг таъкидлашича, бир нечта портлаш овозлари эшитилган.

Ёнғинга омборнинг ер ости қаватларидан бирида қурилиш ишлари олиб борилаётганда газ портлаши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Сўнгра олов бутун бинога тарқаб кетган. Ўт ўчириш хизматида таъкидланишича, қурбонларнинг кўплиги одамлар портлашдан кейин эвакуацияга кўп вақт йўқотганлари ва тутун тарқалиши бошлангани билан боғланган. 

“Олов, кўринишича, жуда тез ёйилган ва қурбонлар эвакуация қилиша олмаган”, дейилган ўт ўчириш хизматида.

Президент Мун Чжэ Ин ва бош вазир Чон Се Гюн тегишли идораларга одамларни қутқариш учун барча кучни сафарбар қилишни буюрган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид