22:20 / 01.05.2020
42939

Фото: Сирдарё тумани аҳолиси сардобаликларни ўз уйларига қабул қилмоқда

Сардоба сув омбори дамбасида сув сизиб чиқиши оқибатларини бартараф этиш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлгани каби Сирдарё туманида ҳам эвакуация қилинган аҳолини кутиб олиш учун зарурий чоралар кўрилди.

 

Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, тумандаги «Деҳқонобод», «Бахмал», «Тинчлик», «Хазина», «Ишонч», «Тадбиркор», «Орзу», «Аҳиллик», «Туркистон» МФЙларида истиқомат қилувчи фуқаролар 1400дан зиёд эвакуация қилинган аҳолига ўз уйларидан бошпана ажратмоқда.

Бундан ташқари, тумандаги 525 ҳарбий қисмда 500 ўринли, Бахт шаҳар енгил-саноат коллежи биносида 200 ўринли ётоқ жойлари тайёрланиб, эвакуация қилинаётган аҳолини жойлаштириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да Сардоба сув омбори дамбаси деворида сув чиқиши юзага келиб, тумандаги Қўрғонтепа аҳоли яшаш пункти сув остида қолди.

Шундан сўнг сув омбори атрофидаги хавф ҳудудидан 11,5 мингдан зиёд аҳоли кўчирилган, яна тўртта маҳаллани кўчириш режалаштирилганди.

Бундан аввалроқ Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» МФЙлари аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинаётгани хабар қилинганди. Туман аҳолисининг яна бир қисми Жиззах вилояти ҳудудидаги мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига кўчирилиши бошланганди.

 

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top