17:44 / 01.05.2020
8304

Самарқанд вилоятида энг юқори суръат билан ўсган хизмат турлари маълум қилинди

Самарқанд вилоят статистика бошқармаси 2020 йилнинг январь – март ойлари бўйича чораклик  маълумотларни таҳлил қилиб, хизмат турларнинг ўсиш кўрсаткичларини эълон қилди.

Вилоятдаги энг юқори ўсиш суръатлари молиявий хизматлар (145,1 фоиз)  таълим соҳасидаги хизматлар (120,8 фоиз), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (118,8 фоиз) ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар (115,3 фоиз) қайд этилди. Юқори бўлмаган ўсиш шахсий хизматларда (0,4 фоиз), шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ бўлган хизматларда (1,3 фоиз) белгиланди.

Самарқанд вилоятида 2020 йил январ–март ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 3 224,7 миллиард сўмга етди. Бу — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,7 фоизга ўсиш деганидир.

 Хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳудудий ва ижтимоий ҳаракатчанлигини, янги хўжалик ҳудудларини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ва моддий маҳсулотлар истеъмолини оширишни таъминлайди.

Вилоятда 2019 йил январь–март ойларига нисбатан аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 128,0 минг сўмга ошди ва 830,0 минг сўмга тенг бўлди, унинг ўсиши 7,5 фоизни ташкил этди.

2019 йил январь-март ойларига нисбатан молиявий хизматлар ҳажми 144,2 миллиард сўмга, савдо хизматлари 120,7 миллиард сўмга, транспорт хизматлари 84,1 миллиард сўмга, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлар 31,5 миллиард сўмга ошди. Таълим соҳасидаги хизматлар (59,8 млрд. сўмга), ижара хизматлари (18,2 млрд. сўмга), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (20,1 млрд. сўмга), шунингдек, шахсий хизматларда (19,4 млрд. сўм) ҳажмининг ўсиши кузатилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрсатилган бозор хизматлари таркибида энг катта улушни савдо хизматлари эгаллайди. Шундай қилиб, 2020 йил январь–март ойларида уларнинг улуши 28,4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, юқори кўрсаткичлар транспорт хизматлари 23,9 фоиз, молиявий хизматлар 14,3 фоиз, таълим соҳасидаги хизматлар 5,9 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича 5,2 фоиз даражасида қайд этилди.

2020 йил январь–март ойларида кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмидаги савдо хизматларининг улуши 28,4 фоизни ташкил этиб, бу 916,8 млрд. сўмга тенг бўлди. Чакана савдо хизматлари умумий савдо хизматлари ҳажмининг қарийб тўртдан учини, аниқроғи 77,6 фоизга тўғри келади.

2020 йил январь–март ойларида улгуржи савдо хизматларининг улуши (автомобиллар ва мотоцикллар савдосидан ташқари) 13,1 фоизга етди. Автомобиллар ва мотоциклларнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича хизматлар, жумладан, автомобиллар ва мотоциклларни таъмирлаш бўйича хизматларни қўшган ҳолда савдо хизматларининг умумий ҳажмидаги улуши 9,3 фоизни ташкил этди.

2020 йил январь–март ойларида таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 188,2 млрд. сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 20,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларнинг ўсиш суръати 105,4 фоизни ташкил этди, ҳажми эса 20,1 млрд. сўмга ошди ва 103,9 млрд. сўмга етди. Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар умумий ҳажмида озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш бўйича хизматларнинг улуши 77,2 фоиз билан устунлик қилади. 2020-йил январь–март ойларида яшаш бўйича хизматлар улуши 22,8 фоизни ташкил этди. Ушбу турдаги хизматларнинг ўсишига дам олиш уйлари, коттежлар ва бошқа дам олиш масканлари хизматларига бўлган аҳолининг талаби ўз ҳиссасини қўшди. Соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технологиялар ва даволаш усулларини кенг жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.

2020 йил январь–март ойларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларнинг ҳажми 49,0 млрд. сўмга етди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 115,3 фоизни ташкил этди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шуни айта оламизки, хизматлар соҳаси мамлакат ривожи, келажаги ва халқнинг эртасини яхшиланишида муҳим соҳалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Самарқанд вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати

Top