00:49 / 05.05.2020
276230

ИИВ Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракати юзасидан муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани, шунингдек, очиқчасига карантин қоидаларини бузгани акс этган видеолар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам эътирозларига сабаб бўлган ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот органлари манзилига қаратилган ҳақорат акс этган тасвир жорий йилнинг 4 май кунида Юлдуз Усмонованинг Instagram ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида тўғридан-тўғри эфирдан ёзиб олинган. 

«Видеотасвирдаги ҳақоратомуз фикрлар бевосита ички ишлар органларига билдирилганлиги учун, Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий жиҳатдан қўллаб келаётган, ўз ижод намуналари билан ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, ёшлар руҳиятида ватанга хизмат қилишдек муқаддас бурчни шакллантираётган санъаткорларимизнинг ўрни беқиёс», – дея муносабатни бошлаган вазирлик.

ИИВ «шундай оғир вазиятда таниқли санъаткор Юлдуз Усмонова томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хизмат фаолиятига бармоқ орасидан қараб, уларни ноўрин танқид қилиши ўта маданиятсизлик ва салбий ҳолат» дея ҳисоблаган

«Ўз қилмиши билан Ю.Усмонова барча ички ишлар органлари ходимларини уятли сўзлар, обрўсизлантирувчи уйдирмалар ва беодоблик билан қасддан ҳақорат қилган.

Асли ҳолатга ойдинлик киритадиган бўлсак, жорий йилнинг 2 майда соат тахминан 21:00ларда Мирзо Улуғбек тумани 4-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори лейтенант М.Ортиқжонов, шу туманда яшовчи Ю.Усмонованинг хонадонига ўттиз нафарга яқин фуқаролар, Сирдарё вилояти, Сардоба туманида рўй берган сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида хайрия учун турли хилдаги озиқ-овқат ҳамда бошқа мол-мулкларни олиб келганликларини кузатган. Ушбу юкни тегишли манзилга етказиб беришга ёрдам бериш мақсадида, ҳудудга бириктирилган ППХ ходимлари сержант Д.Ортиқов ва сафдор А.Султоновлар билан бирга юк машиналарига ортишга ёрдамлашиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходими майор Б.Гаппаров бошқарувидаги махсус транспорт воситаси кузатувида Сирдарё вилоятига тўпланиб кетадиган йиғин жойига, яъни «Туркистон» санъат саройига кузатиб қўйган», – воқеа тафсилотларини баён этган вазирлик.

Таъкидланишича, Ю.Усмонова ўзининг ёрдамчилари орқали тўпланган юкларни дарҳол, яъни 3 май соат 00.10ларда ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида Сирдарё вилоятига жўнатилишини талаб қилган. 

«Шунда ходимлар Ю.Усмоновага Сирдарё вилоятига чиқиш белгиланган тартибда тегишли рухсатнома асосида, кундузги вақтда ҳамда уюшган ҳолда амалга оширилишини тушунтиришларига қарамасдан, унинг асоссиз танқидига учраган», – дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, жамиятда юриш туриш қоидаларини менсимасдан, ўта маданиятсизлик билан турли ҳақоратомуз сўзларни гапираётган аёлга белгиланган тартибни тушунтиришга уринган ходимлар, зиддиятли вазиятни кескинлашиб кетишини олдини олиш мақсадида, ушбу аёл билан мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттирган. 

«Шундан сўнг, Ю.Усмонова ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи, асоссиз ҳақоратлар акс эттирилган видеороликни тарқатган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маданият ходими номига доғ туширган, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимаган, ички ишлар органлари ходимлари шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилган фуқаро Ю.Усмонованинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суриштирув ишлари амалга оширилмоқда», – дея қўшимча қилинади.

Ички ишлар вазирлиги мазкур иш якуни бўйича ҳолатга ойдинлик киритилиб айбдорларга қонуний тартибда чора белгиланишини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик вазиятга холис муносабат билдириб, ички ишлар органлари ходимларининг хизматларига адолат назари билан қараган фуқаролар, маданият вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларига миннатдорчилик билдирган.

Top