13:25 / 05.05.2020
30367

Сирдарёда икки нафар фуқаро вертолёт ёрдамида қутқарилди

Сирдарёда фавқулодда вазият ҳудудида қолиб кетган икки нафар фуқаро вертолёт ёрдамида қутқарилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омбори дамбаси ўпирилиши оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт авиацияси навбатдаги парвозни амалга оширди.

Вазирлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, подполковник Раҳимжон Эргашев, капитан Фарҳод Шарипов, капитан Музаффар Маматовдан иборат экипажнинг мақсади белгиланган режа асосида фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудларнинг бориш қийин жойларида разведка-қидирув ишларини амалга ошириш ҳамда эвакуация тадбирлари бўлди. 

Билдирилишича, қидирув давомида икки киши топилган. Вертолётга олинган бу икки фуқаро зудлик билан Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий мобиль тиббий марказига олиб келинди. Уларнинг бири 1985 йилда туғилган Эркин Омонов бўлиб, бир оёғи жароҳатланган. Иккинчиси 1996 йилда туғилган Файзулло Қодировнинг тана ҳарорати кўтарилган. 

Оқолтин туманидан вертолёт авиацияси ёрдамида эвакуация қилинган ушбу беморларга Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали терапевти, тиббий хизмат подполковниги Шуҳрат Каримов, фельдшер Шуҳрат Аҳмедов зарур тез тиббий ёрдам муолажаларини кўрсатди, дейилади хабарда. 

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top