Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пандемиядан қандай хулосалар чиқариш керак? Экспертлар билан суҳбат
Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемиянинг жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ва оқибатларини таҳлил қилиб беришди.
– Пандемия қанча вақт давом этиши номаълум бўлиб турибди. Бунинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири сезиларли бўляпти. Одамларни ишсиз, даромадсиз ҳолатда ушлаб туриш осон эмас. Бунинг иқтисодий оқибатлари қандай бўлиши мумкин?
Валижон Тўрақулов,
Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):
– Бу инқирозни сурункали инқироз деб баҳолашяпти. Тасаввур қилинг, ҳаммамиз катта-катта заводларга борганмиз. Улар қандай ишлайди? Хом ашё киради ва нариги томондан тайёр маҳсулот бўлиб чиқиб кетади. Бу жараённи бир лента десак, унинг орасида узилиш бўлмаслиги керак. Ҳозир дунёни катта завод сифатида тасаввур қилсак, у тўхтаб қолди. Кимдир айтиши мумкин, уни ишлатиш тугмасини босиш билан ҳамма ишни бошлаб юборсак бўлади деб. Ундай эмас.
Бир маълумот бор. Samsung компанияси 1 дақиқа электр узилиши давомида бир неча миллиардлаб зарар кўрган экан, яъни 1 дақиқа электр токи бўлмагандан кейин шу лента узилиб қолган. Ишни давом эттириш учун ҳаммасини яна қайтадан бошлаш керак бўлган ва бу бир неча кунни талаб қилган.
Бутун дунёда таъминотлар занжири узилиб қолди. 1та машинага 30 мингтадан ортиқ эҳтиёт қисмлар керак бўлади. Бунда юзлаб давлатлар иштирок этади. Ундан ташқари бизда яна қанча нарса бор? Дунё заводи омбори ҳисобланган Хитой ҳам тўхтади ва секин-секин фаолиятини бошлаяпти. Мана шундан иқтисодиёт кўламини билиб олишимиз мумкин.
Иқтисодчилар қайси ҳолатга инқироз тўғри келади, деб ўйлашмоқда. Карантин қачон тугашини билолмаяпмиз. Бу инқироз бошқаларига ўхшамайди, чунки бошқа инқирозлар маълум сектор, яъни молия бўйича бўлган ёки маълум ҳудудда бўлган.
Яқинда бир илмий иш ўқигандим. Марказий Осиё давлатлари ЯИМ инқироз туфайли 2-3 фоизга тушиши мумкинлиги прогноз қилинган. Оптимистик қарашларга кўра эса июль-август ойларида ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Мен реалистик қараш тарафдориман. Шунинг учун инқироздан фойда билан чиқишни эмас, эсон-омон чиқишни ўйласак яхши бўларди.
Aлишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети профессори (Япония):
– Ҳозир карантин чоралари кўрилган. Ишлаб чиқарувчилар учун чекловлар анча юмшашни бошлади, деб эшитяпмиз. Лекин бунгача улар бир ой давомида ходимларини ишлата олишмади. Шундай пайтда улар шартномавий мажбурият бўйича масъулият оладими, яъни иккинчи томонга компенсация тўлашадими, деган нарса бор.
Бу ерда форс-мажор деган тушунча бор. Бунда инсон ўзи эмас, бошқа ташқи кучлар томонидан бошқарилади. Пандемия ҳам шунинг бир тури ҳисобланади. Албатта, шартнома матнларига ҳам қаралади.
Умумий маънода давлатлар олаётган глобал пандемия шароитида шартнома мажбуриятларини бажармасликдан келадиган компенсациялардан қўрқмасак ҳам бўлади. Фақат Ўзбекистон шароитида битта нарсадан хавотирланаман: мамлакат икки ва кўп томонлама 50дан ортиқ инвестициявий битимларни тузган. Шу жиҳатдан биз карантин шароитида маҳаллий инвесторларнигина ўйлаб хорижий инвесторларни камситишга дучор қиладиган бўлсак ёки асоссиз чора-тадбирлар туфайли маълум даражада зарар етказадиган бўлсак, пандемия чоралари тугагандан кейин инвестицион арбитражга Ўзбекистонга қарши даъво қўзғашлари мумкин.
Бундай ишлар дунёда аста-секин бошланмоқда. Масалан, Перуда юқори жойлашган йўлларни француз инвесторлари қуришган экан. Тезюрар йўлларга тўланадиган пулларни Перу ҳукумати пандемия туфайли бекор қилган. Ҳозирда франциялик инвесторлар бу нарса асоссизлигини важ келтирган ҳолда ҳозир инвестиция арбитраж жараёнини бошлаш ҳақида фикрлар чиқмоқда.
Бунга диққатли бўлишимиз керак. Ҳар бир қўлланаётган чора-тадбирлар етарли даражада асосли бўлган ва шаффоф ҳолда бўлишини таъминлаш лозим.
Бекзод Зокиров,
Токио Университети сиёсий иқтисодиёт бўйича докторанти (Япония):
– Пандемия таъсирини фақат иқтисодиёт билан боғламаслик керак, деб ўйлайман. Чунки бу глобал тартиб сиёсий ва иқтисодий тартибдан иборат бўлади. Иқтисодга сиёсий масалалар ҳам таъсир қилади. Ҳозирги вазиятни 1930-йилларда бўлган Буюк тушкунлик даври ва Иккинчи жаҳон уруши даврига ўхшатаман.
Пандемия бизга нимани кўрсатди? Шу пайтгача йиғилиб келган глобал иқтисодий-сиёсий муаммоларни фош қилди. Масалан, Трамп бошлаган иқтисодий урушни пандемия янада тезлаштириб юборди. Ёки Трампнинг ҳокимиятга келиши сиёсий тартибга катта зарба бўлди.
Пандемиядан кейин ҳолат қандай бўлади? 1930 йилдан кейинги вазиятни оладиган бўлсак, урушдан енгилган Германия ёмон аҳволга тушиб қолган. Одамларнинг тартибсизликлари ёки йиғилиб қолган муаммолари, унинг устига иқтисодий инқироз – ҳаммаси йиғилиб одамларда отилиб чиққан ва буларни ҳал қилишга ёрдам берадиган бир шахс керак, деган ҳис пайдо бўлган одамларда. Пандемиядан кейин шу ҳолат такрорланиши эҳтимоли жуда катта.
Трамп яна қайта сайланиши мумкин, бу пандемияни қандай енгишига боғлиқ. Трамп ўз айбини ташқи кучларга ағдаришни яхши эплай олса, ҳукуматда қолиши мумкин. Ripple effect, яъни тўлқин эффекти дейиш мумкин, тўлқинни Европага сотиб юбориши мумкин. Францияда миллатчи партия етакчиси Марин Ле Пеннинг ҳукуматга келиши, Германияда националистик партияларнинг ўсиши пандемиядан олдинги вазиятдир.
Бундан кейин қандай бўлишини ўзимиз тасаввур қилишимиз мумкин. Қандайдир националистик, протеционистик руҳдаги тартибни олиб келиши мумкин. Бу бизга керакмас, глобализация нима бўлди, Хитойда пайдо бўлган вирус бутун дунёни абгор қилди, деган руҳият пайдо бўлиши мумкин. Бу руҳият бундан 5-10 йил олдин шаклланганди. Ҳозир депрессион ҳолатда турибмиз.
– Пандемия бизга нималарни ўргатди? Қандай хулосалар чиқаришимиз мумкин?
Бекзод Зокиров:
– Пост-пандемия дунёси қанақа бўлади, деган савол турибди. Ўз хулосамга кўра, Ўзбекистонда пандемия кўп нарсани очиб берди.
Ижобий томони шундаки, халқимизнинг бирлиги бу даражада эканлигини тасаввур қилмагандим. Кўмакка муҳтожларга оммавий бирлашиб хайриялар амалга оширилиши мени жуда қувонтирди. Бундан хулоса қилдимки, бизда ҳақиқий фуқаролик жамияти бор экан.
Россиядаги илмий баҳсларга қарайдиган бўлсак, баъзи олимлар Марказий Осиёда демократия унчалик ривожланмаслигини айтиб, буни бу ҳудудда фуқаролик жамияти шаклланмагани билан изоҳлашарди. Бунга қўшилмайман. Давлат ҳеч нарса қилмасдан халқ зиммасига юклаб қўйса, ҳамма бирлашиб кўп нарсани қилиб қўяркан.
Салбий томони шундаки, иқтисодиётимиз бир тарафлама бўлиб қолганини кўрсатиб қўйди, яъни табиий ресурслар (газ, пахта) фақат экспорт қилинаётган экан. Бунда маълум давлатларга қарам бўлиб қолган эканмиз. Соғлиқни сақлаш тизимида миллий умумий суғурта тизими йўқ. Бу ССВ раҳбариятига сигнал вазифасини бажариши керак.
– Валижон, ҳозир Бекзод давлатлар бир-бирига боғланиб қолганини айтиб ўтди. Кўпчилик давлатлар хулоса қиляпти. Ўзбекистоннинг ҳам асосий ҳамкорларидан бири Хитой ҳисобланади, инвестициявий шартномаларимизнинг катта қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Пандемиядан кейинги иқтисодий дунё қандай бўлади? Ўзимизни ривожлантиришимиз ёки табиий ресурсларимизни сотишда давом этишимиз керакми?
– Бекзод умумий ҳолатни категорияларга бўлиб айтиб берди. Иқтисодий жиҳатдан кўрадиган бўлсак, 2 хил ҳолат сабаб бўлади.
Биринчиси, савдони фақат бир давлат билан қилиш ёки фақат бир маҳсулотни савдо қилиш. Масалан, Қозоғистоннинг 70 фоиз экспорти газ ва нефтга тўғри келади. Тасаввур қилинг, нефть нархи тушиб кетганда Қозоғистон иқтисодиётига қандай зарба бўлган бўларди. Бизда кам сонли давлатлар, жумладан, Хитой, Россия, Жанубий Корея билан ҳамкорлигимиз бор эди. Хоҳлаган пайтда шунақа форс-мажор ҳолатлар бўлиб қолишини ҳукумат ўйлаши керак.
Ана шу нарсаларга тайёр бўлишимиз учун алоқа йўлларимизни кўпайтиришимиз кераклигини англатади. Бу 2 хил маънода тушунилиши керак. Биринчиси бошқа давлатлар билан ҳам иложи борича шартномани қилиш. Бу ЖСТ га аъзо бўлиш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш учун йўл, холос. ЖСТга аъзо бўлишимиз ҳамкорлик шартномаларимизни кўпайтиради, маҳсулот турларини кўпайтиради ва бир давлатга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиб қолиш ёки бир маҳсулотни, масалан табиий бойликларни сотишга боғлаб қўймайди ва кўпроқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини беради.
Демак, Ўзбекистон иқтисодиёти бир нечта давлатларга боғлиқ бўлиб қолган экан, диверсификация қилишимиз керак экан. Бунинг учун савдо шартномаларимизни кўпайтириб, ЖСТга аъзоликни камида 2 йилда ҳал қилишимиз керак, деган хулосани берди.
Aлишер Умирдинов:
– Пандемия туфайли шаҳар, қишлоқлар ёпилиши Ўзбекистон тарихида илк бора кузатиляпти. Табиий офат тез-тез кузатиладиган Японияда бунақа ҳолатлар бўлиб туради, тайёргарлик етарлича.
Лекин Ўзбекистон ҳукумати ва аҳолиси учун биринчи марта бундай бўляпти. Шунинг учун кўпчиликни айблашдан қочган бўлардим, чунки бу ҳам халқимиз, ҳам ҳукумат раҳбарлари учун, ҳам тадбиркорлар учун, университет ўқитувчилари, талабалар, ўқувчилар учун илк тажриба бўлди. Умид қиламанки, бундан кўп нарсани ўргандик.
Японларда шунақа ҳолат бор: ҳар бир офатдан кейин йиғилишиб, бундан қандай хулосалар чиқариш керак, қандай муваффақиятларга эришдик ва бундан кейин нималар қилиш керак деган мулоҳазалар бўлади. Ҳуқуқий ҳимоя масаласи ҳам бор.
Карантин шароитида деҳқонлар экин қиладиган жойларига бора олишмади. Албатта, бундан олдин халқ саломатлигини сақлашдек катта омма манфаати турибди. Пандемия бошланишини сезган ҳолда март бошларидан бунга тайёргарлик кўриш керак эди, босқичма-босқич амалга ошириш керак эди. Ривожланган давлатларда мутахассислар етарли бўлгани учун бунга етарлича тайёргарлик кўра олди, деб ўйлайман.
Пандемия келажакда йўл қўйиш мумкин бўлган хатоларнинг олдини олишга ва тадбиркорлар, талаба-ўқувчилар ҳуқуқлари янада ҳимоя қилинишига ёрдам беради. Тиббиёт соҳаси қанчалик муҳимлиги масаласи кўрилди. Кейинги йилларда тиббиёт ходимларига қўл кўтариш ҳолатлари бўляпти. Ўйлайманки, халқимиз шифокорлар муҳимлигини яна бир бор англаб етди.
Ҳозир коронавирус учун вакцина топиш масаласи кўриляпти. Лекин Ўзбекистонда буни амалга ошириш учун ҳаракатларни кузатганим йўқ. Бу нарса тиббиётга оид фундаментал тадқиқотлар етишмаслигини кўрсатади. Ривожланган давлатларга қараб турибмиз: қачон улар вакцина чиқарса, биз ҳам ишлатамиз, деб турибмиз. Бунинг ортида университетлар эркин бўлмагани, маъмурий буйруқбозлик асосида кучли бошқарилгани натижасида фундаментал тадқиқотлар нақадар оқсаганини кўрсатиб қўйди ва ташқи мутахассисларга муҳтожлигимиз маълум бўлиб қолди.
Ундан кейинги масала онлайн таълимга қанча миқдорда маблағ ажратилаётганини кўриб чиқишдир. Бизда фақат информацион технология соҳасида онлайн таълим ривожланяпти. Бошқа соҳаларда бу нарса ривожлангани йўқ. Интернет тезлигини оширишимиз ва университетларда студиялар ташкил қилиб, онлайн таълимни ривожлантириб қўйишимиз лозимлигини ниҳоятда чуқур ҳис қилдик. Бу мамлакат ичида бўладиган масала.
Жуда кўп ривожланган давлатлар ўзларидаги энг стратегик соҳаларга чет элдан инвестиция кириб келиши ва чет эл фирмалари томонидан сотиб олишни чеклаяпти. Бунда Хитойдан келадиган инвестициялар кўзланяпти. Буни ҳеч ким очиқ айтгани йўқ, лекин тушуниб турибди. Иқтисодий инқирозда кўп корхоналар нархи пасайган ва шундай пайтда чет эллик инвесторлар бу нарсани ниҳоятда кўзлашади. АҚШ, Япония, Австралия каби давлатлар, ЕИда ҳам бу масала кузатиляпти.
Шунинг учун Ўзбекистон ҳам иқтисодий инқироздан фойдаланган ҳолда чет элдан кириб келадиган манфий инвестицияларни яхшилаб кўздан кечиришимиз ва назоратини етарлича даражада амалга оширишимиз мумкин. Бу тенденция асоссиз эмас.
Бекзод Зокиров:
– Ҳукуматда ҳам шунақа баҳслар кетяпти, деб ўйлайман. Халққа пул бериш, деган чора қўлланди. У ўзини оқламади. Корхоналарга пул беришимиз керак, деган фикрлар бўляпти. Давлат халқаро институтлардан катта миқдорда қарз бўлиб қолди. Бу қарзни қайтаришимиз керак.
Масалан, халқаро молия ташкилоти бизга қарз беряпти ва бу ўз-ўзидан келмайди, текин пулмас. Қарзни қайтариш учун бюджетни қисқартириш керак, деган муҳокамалар бўлган. Ижтимоий тўловлардан қисиш, деган хавф олдимизда туради. Ойлик, пенсиялардан пулни қисиш мумкин. Бу биз учун жуда катта ҳалокат бўлиши мумкин. Ҳукуматдагилар буни ўйлаши керак.
Кейинги масала информал иқтисодиётни расмий жойга ўтказиш масаласини кўришимиз керак. Бу биз учун солиқлар ошишига, ҳар хил тўловларни тўлашга ва давлат бюджети ошишига олиб келади. Қўрқиб турган одамлар ишчи олиши мумкин.
Валижон Тўрақулов,
Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):
– Бекзод, ҳақиқатан тўғри айтди. Пандемияда ҳукумат одамларга моддий ёрдам бериш орқали иқтисодиётни жиловламоқчи. Сабаби одатда одамларга илмий нарса айтилса, кейин шунга ишонишади.
Иқтисодий жиҳатдан айтсак, ҳар қандай инқироз шакли ҳар хил, лекин моҳияти бир хил. Талаб ва таклиф бир-бирига ўта турғун бўлиб қолган пайтда инқироз ҳосил бўлади. Мана шунда талабни жонлантирвориш керак. Бунинг энг яхши йўли одамларга маълум маблағни бериш. Шундай қилса, улар бозорга чиқиб нимадир сотиб олади. Кейин таклиф бўлади. Занжир айланиб, менинг харажатим кимнингдир фойдаси бўлгани учун иқтисодиёт яна жонланиб кетади.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг анча қисми ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга сарфланаётгани бўйича сигналлар келяпти. Иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, кўпроқ истеъмолчиларни қўлласак мақсадга мувофиқ бўларди.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиши қандай оқибатларга олиб келади? — экспертлар фикри
Мавзуга оид
12:28 / 11.03.2026
BioNTech асосчилари бошқа компанияга ўтишини эълон қилди
11:40 / 24.07.2025
Ўлимлар, иқтисодий йўқотиш ва катта харажатлар – аномал об-ҳаво Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда
17:25 / 29.05.2025
Осиёда COVID яна кенг тарқалди, ҳукуматлар ниқоб тақишга чорламоқда
17:31 / 16.04.2025