12:43 / 07.05.2020
9347

Анчелотти, Пойет, Френсис. Футболдаги ажабтовур истеъфолар

Одатда клублар бош мураббийлари шартнома муддати тугаши муносабати билан ёки клуб раҳбарияти билан музокаралардан кейин истеъфога чиқишади. Аммо футбол тарихида ўз истеъфоси ҳақида кутилмаган вақтда ва кутилмаган жойда хабардор бўлган мутахассислар ҳам бор.

Тревор Фрэнсис
Иш берувчи: «Кристал Пэлас»
Туғилган кунига совға сифатида шартномаси бекор қилинди.

Фото: AFP/Getty Images

2003 йилнинг апрель ойи. Чемпионшип мавсуми тугашига 6 ўйин қолганди. «Бургутлар» турнир жадвалининг ўрталарида жойлашиб олишган. Аммо бошқарув раиси Саймон Жордан жамоаси плей-офф зонасидан ўрин олишини истади. Фрэнсисни истеъфога чиқариш орқали, у футболчиларга қўшимча туртки бермоқчи бўлди.

«Мен Премьер Лигага чиқиш ўтида ёняпман ва кафолат бераманки, янги мураббий билан биз бу маррага эришамиз. Треворга эса, меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириб, келгуси ишларида омад тилайман», деди Жордан.

Ўша мавсумни «Пэлас» 14-ўринда якунлади. Мақсадга эришилмади. Лекин бу истеъфонинг Тревор учун қизиқ жиҳати, айнан туғилган кунида содир бўлгани эди.  

Жордан ўша кунларни интервьюлардан бирида эслаб ҳам ўтди: «Тревор бу қарорни жуда оғриқли қабул қилди. У шунчаки эшитиб ўтирди ва кейин «бугун менинг туғилган куним-ку?» деди. Мен нима қилишни билмай қолдим ва қўлига Р45 (Англияда ишловчига иш тугаганда бериладиган сертификат) тутқаздим».

Кейинги мавсумда Жордан ўз орзусига эришди ва «Кристал Пэлас» Премьер Лигага йўлланма олди. Аммо у ерда атиги бир йил қолди, холос. Юқорига кейинги чиқиш анча йиллардан сўнг, 2012/13 йилги мавсумда рўй берди. Шундан буён «бургутлар» АПЛнинг барқарор клубларидан биридир.

Лерой Росеньор
Иш берувчи: «Торки Юнайтед»
Ўн дақиқа ўтиб, ишидан айрилди.

Фото: AFP/Getty Images

2007 йил майда «Торки Юнайтед» раҳбари Майк Бейстон Лерой Росеньорни бош мураббий сифатида тасдиқлади. Англия ўсмирлар терма жамоаси собиқ футболчиси, КПР, «Фулҳэм» ва «Вест Ҳэм» клублари сафида ўйнаган Лерой «Глостер Сити», «Брентфорд» каби жамоаларда ишлашга ҳам улгурганди.

Тайинловдан бироз ўтиб, Бейтсон клубга тегишли акцияларнинг 51 фоизига таклиф олади ва уни қабул қилади. Натижада у жамоада бошқарув қарорларини қабул қилиш ваколатини ҳам бой берди. Янги хўжайинларнинг эса ўз режалари бўлган ва улар бош мураббийликка Пол Баклни олиб келишди.

«У яқин келажакда клубни сотиш нияти йўқ эди» – деб эслайди Росеньор ВВС нашрига берган интервьюсида – «мен пайшанба куни матбуот анжуманида қатнашдим, барча саволларга жавоб бердим. Орадан ўн дақиқа ўтиб, Майк менга телефон қилди ва акцияларини сотганини айтди. Кейин эса, янги корсорциум келаётгани, улар клубга ўз одамларини жалб қилишаётгани ва у ерда менга ўрин йўқлиги ҳақида хабар қилишди».

Найжел Эдкинс
Иш берувчи: «Саутҳемптон»
Истеъфоси ҳақида телевизордан эшитган.

Фото: AFP/Getty Images

2013 йил январи. Найжел Эдкинс – шунчаки, «Саутҳэмптон»ни учинчи лигадан АПЛга қадар чиқариб борган мураббий холос, унга истеъфо ҳақида айтиш шартми? Эдкинс шунчаки мураббий эмас, футболчилар учун ота ҳам эди. Ўйинчиларнинг ўзи ҳам бу ҳақида эшитиб қаттиқ тушкунликка тушиб қолишди. Лекин айтиш керакки, истеъфо сабаби ёмон натижалар бўлган, «авлиёлар» хавфли зонадан атиги 3 очко олдинда эди, холос. 

«Найжел ҳаммасига фалсафий нуқтайи назардан қарарди ва эртага ёки индинга бу иш содир бўлишини сезганди. Аммо истеъфонинг шакли жуда хунук бўлди», деганди клубдаги манбалардан бири.

Ниҳоят, клуб раҳбари Никола Кортезе мураббий билан шахсан учрашди ва бу ҳақида гаплашиб олишди. Янги бош мураббий сифатида Маурисио Почеттино олиб келинди ва бу жуда зўр қарор бўлганини кейинчалик билиб олдик.

Мартин Йол
Иш берувчи: «Тоттенҳэм Ҳотспур»
Танаффус пайтида истеъфога чиқарилаётганидан хабар топганди.

Фото: AFP/Getty Images

2007 йилга келиб Мартин Йол «Тоттенҳэм»да уч йил ишлаб қўйганди. Аммо янги мавсум стартидаги натижалар клуб амбицияларига унчалик ҳам мос келмади. Жамоа дастлабки ўн ўйиндан атиги бир марта ғалаба қозонди ва бу охирги 19 йилдаги энг ёмон старт эди.

Шунинг учун Дэниел Леви ва спорт директори Дэмиен Комолли маслаҳатлашиб, клубга янги мураббий олиб келишга қарор қабул қилишди. Испаниялик Хуанде Рамос билан келишиб ҳам қўйилди ва айнан у нидерландиялик мураббийнинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Ҳозирча сир бўлиб турган қарор ошкор бўлиб қолмагунча, ҳаммаси яхши эди.

«Тақачилар» УЕФА кубоги доирасида «Хетафе» билан ўйнаётганди. Ўйин пайтида Левининг қарори қайсидир йўллар билан оммага чиқиб кетди ва бутун стадион бундан хабар топди. Мартин Йол эса, бу ҳақида танаффусда, кийим алмаштириш хонасида ўтирганида эшитди. Дўсти смс орқали Леви уни истеъфога чиқармоқчи экани ҳақидаги хабарни жўнатганди.

Айтиш керакки, вазиятнинг ичида бўлган кўпчилик учун бу у қадар сюрприз бўлмаган, зеро «Тоттенҳэм» расмийлари Пол Кемсли ва Жон Александр икки ой олдин Испанияда Рамос билан музокаралар чоғида инсайдерларнинг эътиборига тушиб қолганди.  

Хуанде Рамос «Тоттенҳэм»да муваффақият қозона олмади ва атиги бир мавсумдан сўнг истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига келган Ҳарри Реднапп эса тўрт йил давомида клубни яхши бошқариб, ҳатто Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида ҳам ўйнатди.

Владица Петрович
Иш берувчи: «Дрина»
Ўз истеъфосидан Facebook орқали хабар топади. 

Телевизор, смс? Бугунги даврда бошқа йўллар ҳам бор. Босниянинг «Дрина» клуби мураббийи Владица Пертович фейсбукдаги саҳифа орқали ўз истеъфосини билиб қолганди.

Мутахассис ёзги мавсумолди тайёргарликлар даврида клубни қўлга олганди, лекин мавсум яхши бошланмади. «Дрина» стартдаги ўн ўйинда атиги икки ғалабага эришиб, турнир жадвали охирига тушиб кетди. 2015 йилнинг сентябрида, клубнинг расмий фейсбук саҳифасида Петрович учун нохуш хабар эълон қилинди.

Энг қизиғи, мураббий ўша хабар остига изоҳ ёзиб, клубга миннатдорчилик билдирди ва жуда кўп «лайк»лар йиғиб олди.

Густаво Пойет
Иш берувчи: «Брайтон энд Ҳоув Альбион»
ТВ-Шоуда ўтириб, ўз истеъфоси ҳақида эшитди.

Фото: AFP/Getty Images

Уругвайлик Густаво Пойет 2009 йилда Биринчи лигада иштирок этган «Брайтон» мураббийига айланди. Бу Пойетнинг мустақил равишдаги илк фаолияти эди. Англиянинг учинчи дивизиони ҳисобланган лигада «Брайтон»ни олиб қолди ва келаси мавсумда чемпионга айлантирди. Раҳбарият мураббийнинг муваффақиятларини муносиб баҳолаб, беш йиллик шартнома таклиф қилди. Чемпионшипда Пойет шогирдлари ҳатто плей-оффга қадар етиб боришди, аммо АПЛ йўлланмасини  «Кристал Пэлас»га бой бериб қўйишди. 

Мавсум якунлангач, Гус ВВС мутахассиси сифатида Конфедерациялар кубогида ишлади. 2013 йилнинг июнида Пойет Испания ва Нигерия ўртасидаги баҳсни таҳлил қилар экан, бошловчи Марк Чепмен «Брайтон» расмий сайтида пайдо бўлган хабарни ўқиб қолди. У ерда Густаво Пойетнинг истеъфога чиқарилгани ёзилганди. Мураббий ўзини яхши тутди, ҳатто шу тариқа ишсиз қолган илк мураббий бўлганини айтиб, ҳазиллашди ҳам.

«Брайтон» 2017 йилга келибгина Англия Премьер Лигаси аъзосига айланди.

Карло Анчелотти
Иш берувчи: «Челси»
Кийим алмаштириш хонасига кетаётиб, ишдан бўшатилди.

Фото: AFP/Getty Images

Карло Анчелотти «Челси»даги илк мавсумида (2009/10) клуб тарихидаги илк дублни қайд этди – лондонликлар ҳам чемпионатда, ҳам Англия кубогида ғолиб чиқди. Аммо иккинчи мавсум унақа сермаҳсул бўлмади. Анчелотти учун 2-ўрин жуда ёмон натижа эди, бунинг устига Роман Абрамович янаям оғирроқ қарорни тайёрлаб қўйганди.

2011 йилнинг майида «кўклар» Ливерпулга, «Эвертон» билан ўйинга отланишди. «Эвертон» бир футболчи кам бўлиб қолганига қарамасдан, Бэкфорднинг голи эвазига ғолиб келишди. Аслида анча аввалроқ, «Олд Траффорд»да керакли ғалабани қўлга кирита олмаган «Челси» чемпионлик имкониятини бой бериб бўлганди.

Ўйин якунлангач, «Гудисон Парк» стадиони туннелида Анчелоттини «Челси» ижрочи директори Рон Гурлей кутиб турарди. Якунланган мавсум учун миннатдорчилик билдириш эмас, клуб мураббийни вазифасидан озод қилаётгани ҳақидаги хабарни айтиш учун. Клуб мураббий ҳеч бўлмаса, Лондонга қайтишини кутмагани, унга нисбатан ҳурматсизлик эди. Ўшанда Анчелотти сўнгги саккиз йилда истеъфога чиқарилган 6-мураббий бўлганди.

Анчелотти тортишиб ҳам ўтирмади – «Мен бу ерда фантастик икки йилни ўтказдим ва бу қарорни ҳурмат қиламан. Бу ерда қилинган ишлар билан фахрланаман ва энди келажак ҳақида ўйлашни бошлайман».

Абрамович италиялик мутахассиснинг ўрнига ўша пайтда футбол оламига янги қон сифатида кириб келган Андре Виллаш Боашни таклиф қилди. Португалиялик мураббий мавсум охиригача етиб бормади, унинг ўрнини эгаллаган бошқа бир италиялик мутахассис Роберто Ди Маттео эса, ўша йилнинг ўзидаёқ «Челси»нинг Чемпионлар Лигаси ғолибига айлантирди.

Top