Ўзбекистон | 16:00 / 07.05.2020
26331
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 1600дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд ва Тошкент шаҳрида беморларнинг навбатдаги гуруҳлари тузалиб, уларга жавоб берилгани ҳақида хабар берди.

Самарқанд вилоятида 15 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

«Тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (10 нафари Тойлоқ тумани, 2 нафари Оқдарё туманидан, Пайариқ, Паст Дарғом туманлари ва Самарқанд шаҳридан 1 нафардан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касаллик юқтириб олишган. Уларнинг энг ёши каттаси 65 ёшда, ёши кичиги эса 2020 йилда туғилган чақалоқ.

Вилоятда шу пайтга қадар 37 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 52 нафарга етди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида 19 нафар ҳамда Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 6 нафар, жами  32 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 6 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Туркиядан чартер рейсда келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, клиникага ётқизилган. Уларнинг орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2018 йил туғилган. 

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 6 нафари Россиядан, 1 нафари Туркиядан ҳамда 2 нафари Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 10 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 9 нафари эркак, 10 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 81 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида тузалганларнинг 1 нафари Туркиядан, яна 1 нафари Қозоғистон Республикаси орқали Россиядан келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 5 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 468 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 500 нафарга етди.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1624 нафарга етди. Яна 632 киши шифохоналарда қолмоқда.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан даволанаётганларнинг 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланмоқда.

Мавзуга оид