21:05 / 09.05.2020
42358

Бир кунда 71 бемор тузалди, шифохоналарда қолаётганлар сони 500дан камайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон ва Наманганда яна 43 бемор тузалгани тўғрисида хабар берди.

Андижон вилоятида 23 нафар коронавирус инфекциясидан тузалган бемор реабилитацияга кузатилди. Улардан 22 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. 1 нафари эса Россиядан Қозоғистон орқали келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Уларнинг 8 нафари эркак, 15 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 135 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 158 нафарга етди.

Наманган вилоятида 20 нафар беморга жавоб берилди. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 9 нафари эркак, 11 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган чақалоқ. Вилоятда шу пайтга қадар 159 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 179 нафарга етди.

Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 71 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1846 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда ушбу касаллик аниқланганлар сони 2349 нафарни ташкил қилиб, соғайган ва вафот этганлардан ташқари, жами 493 нафар бемор даволанмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top