Жамият | 23:01 / 09.05.2020
18727
10 дақиқада ўқилади

Сингапурда қолиб кетган юзга яқин талаба Ўзбекистонга қайтолмаяпти

Kun.uz таҳририятига Сингапурда таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар мурожаат қилиб, авиақатновлар тикланмаётгани туфайли Ўзбекистонга қайта олмаётганини, расмийлар чартер рейслар қачон қўйилиши бўйича аниқ маълумот берилмаётганидан шикоят қилишди.

Маъмуржон Абдуназаров: 

– Сингапурга сентябрь ва октябрь ойларида келганмиз. Ҳозир 1-курсдагиларнинг ўқиши тугади, 2-курсдагиларники тугаш арафасида. Карантин туфайли имтиҳонларни онлайн топширадиган бўлдик. Айни пайтда биргина Сингапур менежментни ривожлантириш институтида 90 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба бор. Карантин чекловлари эълон қилингани учун ўқишимиз тугагандан сўнг бир ҳафтадан кейин қайтиб кетишимиз керак эди. Лекин ҳали чартер рейс бўйича ҳам ҳеч қандай хабар бўлгани йўқ.

Авиақатновлар қачон тикланишини сўраб Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчихонасига ҳам бордик. Ота-оналаримиз Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишди. Лекин ҳалигача ҳеч қандай хабар бўлгани  йўқ.

Яна бир хавотирга тушадиган жойи, Сингапурда коронавирусдан зарарланганлар сони 20 мингдан ортди.  Яъни зарарланиш кўрсаткичлари Ўзбекистонга нисбатан анча юқори. Кўча-кўйда карантин чекловлари жорий этилган. Лекин барибир кўпчилик зарарлангани туфайли касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлиб турибди. Бундай шароитда энг оқилона ечим – тезроқ ватанга қайтиш. Ҳозир вирус юқтириб олишдан қўрқиб кўчага чиқмасдан ётоқхонамизда ўтирибмиз.

Ферузхон Ғойипов:

Ётоқхонада бир ой туришимиз учун 600 сингапур доллари тўлаймиз. Визаларимиз янгиланадиган муддат яқинлашяпти. 20 майгача кўпчиликнинг визаси муддати тугайди. Агар бу ерда яна қоладиган бўлсак, визамизни янгилашимиз керак бўлади, бунинг учун 100 доллар тўлашимиз керак.

Чартер рейс қўйилмаса, бу ерда яна бир ой қолиб кетган тақдиримизда 700 доллар ортиқча харажат қилишимизга тўғри келади. Карантин сабабли кўп ишлар чегараланган. Еб-ичишимизда-ку муаммо йўқ, уйдагилар пул етказиб туришибди, лекин ётволиб еб ота-оналаримизга оғирлик туширишни истамаймиз. Бу ердаги ҳар бир кунимиз харажат дегани. Пандемия туфайли баъзи маҳсулотлар нархи кескин ошди. Лекин озиқ-овқат маҳсулотлари оширилмади. Ўртача нархда сақлаб қолинди. Сингапур – Осиёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири.

Ётоқхонамизда 10 майгача яшашимиз мумкин. Ундан кейин қолсак, яна ойлик тўловни тўлаймиз. Ҳаттоки бир кун турсак ҳам. Ҳолатимиздан келиб чиқиб чартер рейс қўйилишини сўраб элчихонага мурожаат қилдик. У ердагилар “Бу масала бизнинг қўлимизда эмас, буни республика комиссияси ҳал қилади”, дейишди.

Сингапурда касалланиш кўрсаткичи юқори бўлгани учун ҳамма давлатларнинг элчихоналари бу ердаги фуқароларини тиббий ниқоблар билан таъминлаб турибди. Ётоқхонада бошқа давлатлардан келган талабалар билан бирга турганимиз учун буни кўриб турибмиз. Лекин бизга ҳали ҳеч ким тиббий ниқоб олиб келгани йўқ. 20 дона тиббий ниқоб бизга 15 долларга тушади. Шунинг учун жудаям кўп харажат қилиб қўйяпмиз.

Барнохон Самадова:

– Буларнинг асосий қисми “Foundation course”, яъни бизнинг тушунча бўйича 1-курс талабаларидир. Уларнинг ўқиши 17 апрелда тугаб бўлган. Ҳозир, масалан, 96 нафар талаба қайтишни талаб қилаётган бўлса, уларнинг 80га яқини биринчи курс талабалари. Менимча, имтиҳон 17 апрелда бўлиши керак эди. Кейин онлайн топширишга ўтказишди. Ўша вақтдан бери улар қайтиб кела олишмаяпти.

Биринчи курсларнинг асосий қисми 22 апрелгача билетни олишган. Ҳаммасининг қўлида билети бор. Билетни топширишмаган. Пулини ҳам қайтариб олишмаган. Чунки карантин бўлиб барча кассалар ёпилган.  

Элчихонадагилар чартер рейс масаласи 20 апрелдан кейин ҳал бўлади, дейишган эди. Лекин ҳалигача жавоб бўлгани йўқ. Шунга ҳайрон бўлиб ўтирибмиз. Нима бўлади энди бу ёғига уларнинг тақдири? Ҳозир зарарланганлар сони кескин ошиб кетяпти.

Дилдора Юнусова:

– Биз ҳаттоки пандемия бошланишидан олдин кўпчилик ота-оналар институтга мурожаат қилган эдик. Университет раҳбарияти пандемия туфайли фарзандларингизнинг ўқишини тезлатиб, бағирларингизга юборамиз, 16 апрелгача ҳаммаси тугайди деб сўз беришганди. Шуни мўлжаллаган ҳолда авиачипталарни 22 апрелга олгандик. Лекин карантин бўлгани учун фарзандларимиз қолиб кетишди.

Майли, карантин чекловлари тугаб қолса ҳам, чартер рейс билан келишади, деб ўйлагандик. Кўп жойларга мурожаат қилдик. Электрон тарзда ҳам мурожаат қилдик. Хат ҳам жўнатдик. Бироқ ҳали ҳеч қаердан тузукроқ натижа йўқ. “Махсус комиссия кўрсатма берса, кейин қиламиз”, дейишганди. Комиссия билан эса боғлана олмаяпмиз.

Маъмуржон Абдуназаров:

– Бошида шартнома бўйича тиббий суғуртага пул тўлаганмиз. Курсдошларимиз орасида Сингапурга энди келган пайтимизда оёғи синганлар, шунингдек, шамоллаганлар бўлди. Бироқ бизнинг тиббий суғурта бундай ҳолатларга ўтмас экан. Курсдошларимиз яна уйидан ёрдам сўраб, пул тўлаб даволанишларига тўғри келди.

Яна бир томони, Сингапурда медицина ривожлангани учун даволаниш жуда қиммат. Шу томондан ҳам бу ерда касал бўлиб қолиш талабаларнинг оилаларига каттагина юк бўлади.  

Барнохон Самадова:

– Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Талабаларнинг ҳаммаси жудаям катта ётоқхонада туришади. У ерда булардан ташқари бошқа давлатлардан келган талабалар ҳам бирга яшашади. Агар кимдир ётоқхонага касалликни олиб кирса, бу бутун ётоқхонадаги фарзандларимиз зарарланади, дегани. Худо сақласин, ҳаммаси битта бинода, битта жойда яшашади. Кейин улар озиқ-овқат билан таъминланмайди. Уларнинг ўзлари бозорга чиқиб, олиб келиб, пиширишлари керак бўлади. Бу ҳам зарарланиш учун яна бир сабаб. Шунинг учун уларни тезроқ қайтариш керак.

Кейин булар қандайдир фирма орқали кетган эмас. Биринчи марта чет элга чиқиши. Ҳеч бири чет элда ёлғиз яшаб кўрган эмас. Буни уларнинг кўзларидан ҳам кўрсангиз бўлади. Психологик томондан таъсирланиб қолишган. Шуларни ҳам инобатга олишса. Агар ўзим ўша ерда бўлганимда, бунчалик сўрамаган бўлардим. Чунки ёшим катта. Ҳолатни тушунаман.

Булар эса ҳали бола. Қайтиши керак. Озиқ-овқат муаммоси бор. Деярли ҳаммасининг қўлида билети бор. Кун ўтган сари буларнинг зарарланиш хавфи ошгани ёмон.

Миршоҳид Ҳошимов:

– Сингапур давлатига ойлик шартнома аосида ўқиш учун келганмиз. Шунинг учун ўқишимиз тугагандан кейин ватанга қайтишимиз керак, деб ўйлайман.

Биз бу ерда иккинчи курсда ўқиймиз. Биздан бир курс пастда ўқийдиган талабаларнинг ўқиши апрель ойида тугаган. Улар бир ярим ойдан бери уйдан чиқмасдан ўтиришибди. Ҳеч қандай янгилик йўқ. Бизнинг ўқишимиз ҳам 15 майда тугаши керак эди. Бу ҳам онлайн тарзда бўладиган бўлди.  

Ҳилола Абдуллаева:

– Пезидентимиздан, ҳукуматимиздан жудаям илтимос қилган бўладим. Фарзандларимизни олиб келишда имкон даражасида ота-оналарни қўллаб-қувватлашларини жудаям хоҳлардим. Ҳақиқатан ҳам фарзандларимиз қийналиб қолишяпти.  

Қизим қўлидаги билетни 22 апрель санасига алмаштирган эди. Ҳар ҳафта 200 доллар фарзандларимизнинг озиқ-овқатлари учун юборишимизга тўғри келяпти. Ҳозирда доллар курсининг кескин ошгани ҳам бизга таъсир қиляпти. Ҳукуматимиздан илтимос қилиб қолган бўлардик, болаларимизни қайтаришда ёрдамларини аяшмаса.

Зебо Худойбердиева:

– Фарзандларимизни замонавий билимларга эга бўладиган, кейинчалик келиб Ўзбекистоннинг келажаги учун етакчи мутахассислар бўлиб етишади, деган мақсадда Сингапур институтига юборган эдик.  Ҳаммасининг қўлига билетларни олиб бериб, ётоқхонасининг пулларини тўлаб, жўнатган эдик. Лекин ўша пайтда бунақа пандемия бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.

Фарзандларимиз касал бўлишини хоҳламаймиз. Жудаям хавотирдамиз.

Дурдона Мираҳмедова:

– Ўзи фарзандимни чет элга юборишга жудаям қарши эдим. Ўша ерда ризқи қўшилган экан, насиб қилиб, борадиган бўлиб қолди. Мусофирчиликда қийинчилик бўлмасдан иложи йўқ. Ҳар куни фарзандим билан гаплашсам, “Болам, сабр қил. Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан. Сабр қил”, деб айтаман.

Ҳеч ким билмаганди бундай бўлишини. Фарзандим ўша пайт оёғини қайириб олиб юролмай қолди. Ҳақиқатан медицинаси қиммат. Битта ренген учун 100 доллар сарфлади.

Фарзадларимиз эсон-омон қайтиб келишса бўлгани. Сингапурдаги консулга, консулликдаги ходимларга алоқага чиқдим. Ташқи ишлар вазирлигига хат ёздим.  “Кўриб чиқамиз, у ердаги консулликдан бизга хат келиши керак”, дейишди. Уларга телефон қилсам, “Улар хат чиқардик, рўйхатларни шакллантирдик. Қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз”, деб айтишди. Майли, барака топишсин, улар ҳам қўлларидан келган ҳамма ишни қилишяпти. Фарзандларимизнинг қайтишигина муаммо бўлиб турибди.

Президентимизга ҳам осон тутмайман. Сирдарёда, Бухорода қанча талафотлар бўлди. Шу қаторда бизларнинг ҳам фарзандимизни келишига ҳам ёрдам берса, жудаям яхши бўларди.

Дурдона Юнусова:

– Бир ҳафтанинг ўзида камида 200 доллар кетади еб-ичишнинг ўзига. Худо кўрсатмасин, бирортаси касал бўлиб қоладиган бўлса, ҳеч ким қарамайди уларга.  

Уларнинг ётоқхонасида ҳиндлар ҳам, хитойликлар ҳам яшайди. Ҳамма давлатдан келганлар битта жойда. Бир-бири билан мулоқат қилишади. Ҳар куни дуо қилиб ўтирибмиз, касал бўлмасинлар, деб. Томоғимиздан овқат ҳам ўтмайди. Илтимос сизлардан. Биринчилардан бўлиб чартер рейс қилиб олиб келишга ёрдам беринглар.

Барнохон Самадова:

– Ҳаммаси 18-19 ёш атрофидаги болалар. Уларни қайтариб олиб келишда ёрдам кўрсатишларингизни сўраймиз. Давлат томонидан ёрдам керак. Фарзандларимиз учун чартер рейс ташкиллаштириб беришса.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид