Иқтисодиёт | 11:12 / 10.05.2020
61649
6 дақиқада ўқилади

Ички валюта бозоридаги ташвишли тенденциялар

6 май куни Марказий банк жорий йилнинг январь-апрель ойлари ҳисобидан навбатдаги «Ички валюта бозори бўйича қисқача шарҳ»ни эълон қилди.  Марказий банкнинг бундай шарҳлари ўзининг ахборотга тўлақонлиги билан ажралиб туради ва беихтиёр, «Қани энди бошқа вазирлик ва идоралар ҳам ўз фаолиятига тегишли бўлган шундай аналитик шарҳларни бериб борса!», деб юборасан киши.

Баъзи умумий саволлар

Ана шу шарҳда эътиборни тортган бир неча савол ва тахминлар бўлиб, улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз:

1) Нега 2020 йилнинг январь-апрель ойларида ички валюта бозорида юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 бараварга ўсиб, 4,2 млрд  АҚШ долларини ташкил этган бир вақтда, жисмоний шахслар томонидан 1166 млн АҚШ доллари сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (346 млн АҚШ долл) нисбатан 3,4 баравар ошди? Бир йил давомида аҳолимиз даромадлари, истеъмол структураси шундай ўзгардимики, аҳолида ортиқча маблағлар кўпайиб, ҳамма валюта сотиб ола бошлади? Бундай кескин динамиканинг асл сабаби нимада?

2) Нима учун жорий йилнинг апрель ойи сўнгги ўн кунлигида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта маблағларининг кунлик ўртача ҳажми биринчи ва иккинчи декадалардаги ўртача кунлик ҳажмларга нисбатан 2,5 баравар ўсиб, 9,6 млн АҚШ долларини ташкил этди (биринчи ва иккинчи декадаларда - 3,8 млн. АҚШ доллари). Аҳоли аввалига сотиб олиб, кейин валютани қайта сотдими? Ёки барча аҳоли алмашув курсини ўзгаришидан баҳраманд бўлдими? Бир декада ичида бўлган бундай осмон билан ерча фарқни Марказий банк қандай изоҳлайди?

Албатта, биз Марказий банкдан бундай ғалати ҳолатлар юзасидан ҳеч қандай изоҳ олмаймиз, чунки бу идоранинг мақсади ва фаолият масъулиятига кирмайди.

Марказий банкка саволлар

Биз эса саволларимизни Марказий банкнинг ўз масъулиятига тегишли фикрлар билан давом эттирамиз:

1) Бир ҳисобдан юридик шахсларнинг биржадан ташқари валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ўсиб бораётган бир вақтда (банкларнинг очиқ валюта позицияси ОВП - ҳисобидан), корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига чет эл валютаси сотиб олиши улуши 2 фоизга камайганига (умумий валюта сотиб олиш манбалари ҳажмида) қандай изоҳ берасиз? Яъни нега корхоналарда ўз ихтиёридаги валюта ресурслари камайиб, банкларда валюта ресурслари тобора ортиб бормоқда? Бугунги кунда банклар тарихда биринчи марта юридик шахсларнинг умумий талабининг 1/3 қисмини ўз ҳисобларидан ёпяпти. Банкларда ОВП миқдори ўсишининг асосий сабаби нимада? Агар корхоналарнинг экспорт ҳажми ўсиб бораётган бўлса, нега уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан импорт тўловларини тўлаш имкониятлари пасайиб бормоқда?

2) Нега юридик шахслар иккиламчи бозорда банкларга кўпроқ чет эл валютасини сотишга мажбур бўляптилар-у (бир йилда ўсиш 154 млн АҚШ долларига ўсган ва 1411 млн долларни ташкил этган), камроқ сотиб оляптилар (124 млн АҚШ долларига ўсиш ва умумий миқдорда 1063 млн АҚШ долларига тенг);

3) Нега ички бозорда чет эл валютасининг таклиф миқдори ўзгармаган бир ҳолда, хўжалик субъектлари томонидан чет эл валютасининг сотиш ҳажми умумий таклиф структурасида 6 фоизга камайиб, жисмоний шахслар томонидан таклиф 10 фоизга кўпайган. Ахир ана шу 4 ой давомида чет элдан келадиган жисмоний шахслар учун ўтказмалар 161 млн АҚШ долларига (-11 фоиз) камайган-ку?

Юқоридаги саволларга жавобларни Марказий банкнинг пул-кредит операциялари ўтказишдаги фаоллиги, инфляцияни жиловлаш учун қилинаётган ҳаракатлар мазмуни ва банкларга бўлган резерв (жамғарма) талабларининг ўзгартирилишидан қидириш керак. Яна бир масъул ташкилот -Молия вазирлиги бўлиб, корхоналарнинг ўз ихтиёридаги валюталари ҳажмининг камайиши кўпроқ солиқ талабларининг кескин ошиши билан боғлиқ.

Шуни таъкидлаш керакки, 2020 йил бошидан асосий ставка ва фоиз коридори ҳамда 24 февралдан қисқа муддатли пул-кредит операциялари жорий этилди. Марказий банк тижорат банклари тизимида мавжуд «ортиқча ликвидликни йўқотиш» мақсадида икки ҳафталик депозит аукционлари ва овернайт депозит операциялари жорий этди. Натижада, биргина I чорак давомида жами 810 млрд сўмлик депозит аукционлари ўтказилди ва кунлик овернайт депозитлари бўйича 20 млрд сўмдан 259 млрд сўмгача пуллар тижорат банклари тасарруфидан тортиб олинди. Бошқача айтганда, тижорат банклари корхоналарга бериши мумкин бўлган кредит ресурслари Марказий банк депозитларига жалб қилинди. Албатта, ихтиёрий равишда ва тижорат банкларининг талаби ва туб мақсадига асосан.

Марказий банк томонидан тижорат банкларига бўлган резерв (жамғарма) талабларининг ўзгартирилиши ва бир қанча бошқа регулятив амаллар туфайли банклар кўпроқ чет эл валютасида жамғармаларни ҳосил қилишга ва уларнинг очиқ валюта позициясини кўтаришга мажбур бўлмоқда. Айнан шунинг учун, корхоналарнинг ўз ихтиёридаги валюталар камайиб (қисман кескин ўсган солиқ талаблари эвазига), бу валюта жамғармалари банкларнинг ҳисобларида тўпланиб бормоқда.

Охир оқибат, бугунги кунда банклар миллий валютада кредит бериш қобилиятига эга эмаслар ва фақат чет эл валютасида кредит бера оладилар. Бундай кредит фоизлари ҳам жўнгина, борган сари пасайиб бормоқда (7-8 фоиз атрофида). Биз банкларни миллий валютамизни эмас, бошқа мамлакат эмиссия қилган валютани кўпроқ қадрлашга мажбурлаяпмиз .

Бу шароит мамлакат иқтисодиёти учун қандай хавф туғдираётгани ҳақида кейинги мақоламизда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Абдулла Абдуқодиров,

Иқтисодий шарҳловчи

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламайди

Мавзуга оид