09:46 / 11.05.2020
5797

Москва областидаги қариялар хосписида чиққан ёнғинда 10 киши ҳалок бўлди

Москва областининг Красногорск шаҳрида жойлашган қариялар хосписида ёнғин юз бериши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди.

Фото: 50.mchs.gov.ru

Воқеа 11 май кунига ўтар кечаси  юз берган. Бу ҳақда Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва области бошқармасида маълум қилинган. 

Ёнғин ҳақидаги маълумот ўт ўчириш хизматига 10 май соат 23:59да келиб тушган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига 12 дақиқадан кейин етиб келишган. Ёнғин 6 қаватли бинонинг 2-қаватида жойлашган тренажёр залидаги душ хонасида бошланган. Соат 01:09га келиб ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Фожиа оқибатида 10 киши ҳалок бўлган. 20дан кўпроқ одам ёнаётган бинони мустақил тарк эта олган. Маълумотларга кўра, воқеа вақтида бинода ҳаммаси бўлиб 37 киши бўлган.

Дастлабки тахминларга кўра, қурбонларнинг барчаси “Иккинчи уй” деб номланган хосписда яшаган бўлиб, улар ёнғин вақтида ажралган ис газидан заҳарланишган.

“РИА Новости” ахборот агентлигининг хабар беришича, хоспис ишлаш учун ҳужжатларга эга бўлмаган. Таъкидланишича, ҳужжатларга кўра бино оддий тураржой биноси сифатида қайд қилинган бўлган. Хосписда ҳужжатга эга бўлмаган бошпанасизлар қабул қилинган.

Аввалроқ, 9 май куни Москвада коронавирусга чалинганлар даволанган С.И.Спасокукоцкий номидаги шифохонада кучли ёнғин чиққани маълум қилинганди. Шифохона ходимлари ўт ўчирувчилар билан бирга умумий ҳисобда 295 беморни қўшни бинога эвакуация қилишган. 

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга 95 ёшли бемор аёлга уланган ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмасининг ёниб кетиши сабаб бўлган. Воқеа оқибатида бемор аёл ҳалок бўлган. 

Top