Жаҳон | 16:39 / 11.05.2020
3414
1 дақиқада ўқилади

Парижликларга кўп марталик ҳимоя ниқоби тарқатилади

Францияда 11 майдан коронавирус тарқалиши сабабли киритилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш бошланди.

Фото: REUTERS / Charles Platiau

Париж мэрияси шаҳар аҳолисини кўп марта фойдаланиладиган ниқобларни бепул олиш учун онлайн шаклни тўлдиришга чақирди.

"Париж мэрияси ювиладиган ниқобларни тақдим этади. 11 майдан дорихоналарга келиб ўзингиз ва 11 ёшдан катта оила аъзоларингиз учун ниқобларни бепул олиб кетишни таклиф қиламиз", - дейилади шаҳар мэрияси сайтида.

Францияда 11 майдан коронавирус тарқалиши сабабли киритилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш бошланди. Мамлакатда мактаблар, дўконлар, савдо марказлари (Париждан ташқари), сартарошхоналар очилди. Қаҳвахона, бар ва ресторанлар, пляж ва парклар эса ҳозирча ёпиқ туради.

Франция ҳукуматининг маълум қилишича, жамоат транспортида ниқоб тақиш мажбурий бўлади, бу қоидани бузганлик учун 135 евро жарима белгиланган.

Охирги маълумотларга кўра, Францияда коронавирусга чалинганлар сони 177 мингдан ошган, 26,3 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид