Ўзбекистон | 09:34 / 12.05.2020
3626
5 дақиқада ўқилади

Актуарий малака сертификатини бериш тартиби очиқланди

Актуарий малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

“Актуарий малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Тегишли низомга кўра, актуарий - махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини олган ва актуар ташкилот штатида турган ёки актуар ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган жисмоний шахс, актуар ташкилот - актуар хизматларини кўрсатувчи ва ўз штатида камида битта актуарийга эга бўлган юридик шахс.

Актуарий малака сертификати даъвогар томонидан малака имтиҳони муваффақиятли топширилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан берилади. Малака имтиҳонини топширишга Низом билан белгиланган малака талабларига жавоб берадиган даъвогарлар қўйилади.

Актуарий малака сертификатини бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш учун, шунингдек унинг дубликатини бериш учун даъвогар мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўлайди.

Кўрсатилган маблағлар Агентликнинг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва малака имтиҳонларини ўтказиш, актуарий малака сертификатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

 Актуарий малака сертификатини олиш учун даъвогар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) иқтисод ёки математика таълим соҳаларининг олий таълим йўналишлари ва ихтисосликларидан бири бўйича Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий маълумотга ёки хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий маълумотга эга бўлиш ёхуд Ўзбекистон Республикасида ёки хорижий давлатларда (қонун ҳужжатларига мувофиқ тан олишдан ўтган тақдирда) олинган физика-математика ёки иқтисодиёт фанлари бўйича илмий даражага эга бўлиш;

б) сўнгги ўн йил ичида камида 5 йил суғурта, математика, статистика, информатизация соҳаларида иш амалиёти (шу жумладан ўриндошлик асосида) ёки шу соҳаларда дарс бериш стажига эга бўлиш.

 Актуарий малака сертификатини олишга даъвогар Агентликка тегишли шаклга мувофиқ малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда топширади:

шаклга мувофиқ тўлдирилган анкета;

паспорт нусхаси;

олий маълумот тўғрисидаги диплом ёхуд физика-математика, иқтисодиёт фанлари бўйича илмий даража олганлиги тўғрисидаги ҳужжат (нусхаси олиниб, асли қайтарилади), ёхуд олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги хорижий ҳужжатнинг эквивалентлигини тан олиш тўғрисидаги ваколатли давлат органи гувоҳномаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

меҳнат дафтарчасининг нусхаси (меҳнат стажини тасдиқловчи “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма);

3 х 4 ҳажмдаги 2 дона фотосурат;

актуарий малака сертификатини бериш учун тегишли йиғим тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати нусхаси.

Кўрсатилган ҳужжатлар битта нусхадан тақдим қилинади.

Агентлик ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 кунлик муддатда даъвогарга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Агентлик даъвогарни 3 кунлик муддатда рад этиш учун асосларни кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда Агентлик малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган даъвогарларнинг рўйхатларини имтиҳон комиссиясига топширади.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган даъвогарлар малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида у ўтказилишидан камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинади.

Агентлик даъвогар томонидан тегишлича расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим қилиниши, шунингдек, даъвогарнинг малака талабларига мувофиқ келмаслиги сабабига кўра даъвогарга малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этишга ҳақлидир.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилган даъвогар, Агентлик томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этгандан кейингина, ариза билан қайта мурожаат қилиши ёки қарордан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилиши мумкин.

Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилгандан сўнг даъвогар бир йил ичида қайта мурожаат этса малака сертификатини расмийлаштириш ва бериш учун тўлов қайта тўламайди.

Мавзуга оид