Қайси ҳудудларда ичимлик суви танқислиги кузатилмоқда?
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 85 фоиз, Тошкент вилоятида 75, Хоразм вилоятида 61,9, Қашқадарё вилоятида эса 54,2 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви, аҳолининг қолган қисми эса альтернатив ичимлик суви манбалари билан таъминланган. Бу кўрсаткичлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда энг паст натижаларни Қашқадарё вилоятининг айрим туманлари, хусусан, Ғузор — 2,1 фоиз ва Деҳқонобод — 2,0 фоизни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан давлат раҳбарининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси ҳолатини Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда тўхталиб ўтилди.
Маъмурий ҳудудлар бўйича 2019 йилда Давлат бюджети доирасида марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан амалга ошириладиган сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастурлари тасдиқланган. Унга асосан ўтган йилда Тошкент вилоятида 25 та, Фарғона вилоятида 23 та, Қашқадарё вилоятида 40 та, Хоразм вилоятида эса 8 та ушбу йўналишдаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилган.
Ўрганилган ҳар тўртала вилоятларда тасдиқланган тармоқ жадвалларидаги лойиҳаларни амалга оширишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, молиялаштиришдаги муаммолар туфайли Тошкент вилоятида белгиланган лойиҳаларнинг 17 таси, Фарғона вилоятида 20 таси ҳамда Қашқадарё вилоятида 14 таси тўлиқ якунланмаган ва шу сабабли йилдан йилга ўтувчи лойиҳалар туркумига ўтказилган.
Ишчи гуруҳи томонидан Чирчиқ шаҳрида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, сув қувури ўтказиш жараёнида пудратчилар томонидан табиий равишда йўл инфратузилмасига зарар етказилган. Пудратчига йўл таъмири учун маблағ ажратилмаганлиги сабабли йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Депутатларнинг қайд этишича, бу аҳолининг эътирозига сабаб бўляпти.
Ҳар тўртала ҳудуднинг айрим туманларида, айниқса, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг кўплаб аҳоли пунктларига ер ости ичимлик суви манбаси йўқлиги сабабли аҳолига ичимлик суви ташиб бериш йўли билан етказилади. Ичимлик суви ташувчи транспорт воситаларининг аксарият қисми санитария талабларига жавоб бермайди. Аҳоли ичимлик сувини санитария талабларига зид равишда ойлаб давомида махсус идишларда ёки ҳовузларда сақлайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Йиғилишда ўрганилган вилоятлардаги тизимли камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш асбоблари, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид зарур барча ахборотни “онлайн” режимида киритиш, сақлаш, мунтазам янгилаш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона тизимнинг йўқлиги сувни исроф қилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ошиб кетаётганига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда ҳар иккаласининг бир вақтда бажарилмаслиги, айниқса, кўп қаватли янги уйларда сув таъминоти бўлса-да, канализация тизими йўқлиги ва аксинча ҳолатлар учраши кузатилмоқда. Мазкур ҳудудларнинг ер ости ичимлик суви шаклланадиган туманларида канализация тармоғи ночор ҳолда эканлиги мавжуд ер ости сув захираларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Бу борада қарорда белгиланган айрим канализация объектлари лойиҳаларининг, жумладан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Қибрай, Фарғона вилоятининг Фарғона, Учкўприк, Бешариқ туманларида, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида кечиктирилиши ушбу хавфни янада кучайтиряпти.
Ўрганишларда ҳар тўртала вилоятдаги аксарият аҳолига сув тайёрлаш ва узатиш пунктларида сувни зарарлантириш ускуналари мавжуд эмаслиги аниқланган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили мавжуд ичимлик суви объетларида сув сифати санитария талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.
Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
14:13 / 21.11.2024
Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевга: “Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори ким дейишса, сизни айтардим”
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:07 / 20.11.2024