Жаҳон | 12:46 / 17.05.2020
91095
17 дақиқада ўқилади

Афғонистонда тарих такрорланадими?

Гарчи инсоният тарихи жанг-у жадаллар тарихидан иборат бўлса-да, уруш ва Афғонистон сўзлари тенг ва эгиз тушунчадай янграйди гўё. Аслида, узоқ йиллар давом этган бесамар урушнинг аянч асорати бу. 29 февраль куни АҚШ ва «Толибон» ўртасида имзоланган шартнома қилич билан қазилган бу тупроқларда ҳам гул унишига умид берганди. Хўш, бу умид қанчалар яшовчан? Афғонистонда чиндан ҳам тинчлик ўрнатилдими? Воқеалар ривожи қандай давом этади? Қуйидаги мақолада Афғонистон билан боғлиқ шу ва бошқа масалалар юзасидан атрофлича фикр юритилади.

Битим нажот рецептими?

2001 йилда Афғонистонга кириб, ўтган йиллар мобайнида кўзлаган мақсадларига эриша олмагач, ўзининг халқаро обрўсига путур етказмаслик учун АҚШ 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида толиблар билан нажот рецепти сифатида кўрилган битимни имзолади.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва «Толибон»нинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар

Шартномани АҚШ номидан АҚШ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва «Толибон» номидан Доҳадаги сиёсий идора раҳбари мулла Абдулғани Биродар имзолади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва қўшни давлатлар томонидан имзоланган АҚШ-Толибон келишуви Афғонистонда ҳали узил-кесил тинчлик ўрнатилди, дегани эмас. «АҚШ-Толибон келишуви ва АҚШ-Афғонистон қўшма декларацияси бизга тарихий имконият яратмоқда. Ҳукуматни бирлаштириш ва Афғонистонга устуворлик бериш мамлакат келажаги ва айниқса, тинчлик учун ниҳоятда муҳимдир», деган фикрлар ифодаланган мазкур баёнот АҚШнинг Афғонистонни ўз ҳолига қўйганини англатади.

«Толибон» ваъдасида турдими?

Битимдан сўнг 24 соатдан кўп вақт ўтмай, Толибоннинг афғон хавфсизлик кучларига қарши 43та ҳужумни амалга оширгани ҳақидаги иддао ва кейинчалик АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги вакили полковник Сонни Леггеттнинг ҳукумат кучларини ҳимоя қилиш мақсадида «Толибон»га қарши ҳаво ҳужумини уюштиргани ҳақидаги очиқлама тинчлик битимининг мазмун-моҳияти ва томонларнинг ниятларини сўроқ остига қўйди ва жамоатчиликда чуқур ташвиш уйғотди. Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокараларга йўл очиш мақсад қилингани ва музокаралар яқин орада бошланишини айтган АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер эса «Толибон» АҚШ кучларига ҳужум қилмаслик ҳақидаги ўз сўзида тургани, аммо афғон кучларига қарши зўравонликни камайтириш бўйича берган ваъдасини бажармаганини билдирди.

Кобул маъмурияти ва «Толибон» ўртасидаги музокаралар ҳақида «қоришиқ сигнал»лар олганини таъкидлаган Эспер АҚШнинг Афғонистон ҳукуматига ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини маълум қилиши, шунингдек, имзоланган келишувда афғон халқи, унинг вакиллари ва ҳукумати унча эътиборга олинмагани бу жараёнда АҚШ ўз жонини сақлаб қолиш учун урингани ҳақидаги гап-сўзларга сабаб бўлди.

Тинчлик ўрнатишми, чиқиш чиптаси олиш ҳаракатими?

Президент Ашраф Ғани ҳукумати учун катта таҳдид унсури бўлган ва мамлакатнинг кўп қисмларида ҳукмронлик қилган «Толибон» билан эришилган тинчлик даврида Тинчлик Кенгаши, шунингдек, Тинчлик вазирлиги ташкил этилиши гарчи муҳим қадам сифатида кўрилса-да, ушбу келишув келажагини бир-бирига ишонмайдиган афғонларнинг ўзига қолдирилиши ҳам қайсидир маънода тинчлик музокараларининг ижобий якунланиши ҳақидаги хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Афғонистонда ўтган сўнгги президентлик сайловида ҳар иккала номзод ҳам ғалаба қозонгани афғон халқи тинчликни соғингани, бирлашган ва мустақил Афғонистонни қўллаб-қувватлагани, аммо халқ мамлакатда параллел ҳукумат тузишга бўлган уринишларга кескин қарши эканини билдирган Помпеонинг баёнотлари АҚШ-Толибон келишуви Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадида эмас, АҚШнинг мамлакатдан чиқиш чиптаси олиши учун қилинган, деган тезисни кучайтирди.

Урушни касб қилиб олган гуруҳларни ким кўндиради?

Гарчи АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги музокаралар ижобий натижаларга олиб келган бўлса-да, Афғонистонни ҳақиқий тинчликка олиб келадиган энг қийин муроса толиблар, Кобул ҳукумати, афғон сиёсий партиялари ва бошқа афғон қуролли гуруҳлари ўртасида кечади.

Фото: AFP

Бошқа қуролли гуруҳлар томонидан АҚШга ҳужум қилинишининг олдини олиш ва бу мажбуриятни бажариш учун 40 йил давомида уруш қилишни ўз касбга айлантириб олган гуруҳларни кўндириш учун бериладиган таклифлар эндиликда «Толибон»нинг мамлакат маъмуриятидаги ташаббуси билан бевосита боғлиқдир.

2001 йил «Толибон» ҳукумати қулаганидан бери кўп йиллар давомида фуқаролик уруши майдонига айланган Афғонистонда тўртинчи президентлик сайловлари тугаган бир пайтда, халқ орзу қилган ошкора бошқарув, тинчлик, барқарорлик ва ривожланиш муҳити ҳануз қўлга киритилмади. Халқ «Толибон» ҳукумати ағдарилгандан кейин ўтказилган сайловлардан умидвор эди. Аммо бугунгача мамлакатда кутилган тараққиёт ва барқарорликка эришиб бўлмаётгани халқда сайловларга бўлган ишончни сўндирди.

Тинчликнинг асосий шарти нима?

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Афғонистон бош вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг иккиси ҳам сайловларда ўзи ғолиб чиққанини маълум қилди. Сайловларда коррупцияга йўл қўйилгани ҳақида миш-мишлар мавжудлигига қарамай, бир неча ойдан кейин эълон қилинган натижаларга кўра, Ашраф Ғани мамлакат президенти сифатида эълон қилинди.  Бунга АҚШ-Толибон иттифоқининг Ашраф Ғани ҳукуматига рациони сифатида қаралиши мумкин. Чунки янги президент билан АҚШ-Толибоннинг келишуви ва унинг устига қўйилган тошларни силжитиш орқали мувозанатни бузиш АҚШнинг энг сўнгги истагидир. Шу сабабли, янги конституция, янги ҳукуматни шакллантириш, президент сайловларини янгилаш, аёлларнинг жамиятдаги роли, хусусан, «Толибон» ва жангчиларининг демократик жараёнга интеграцияси каби ички муаммоларини кўзда тутган ҳолда, афғонларнинг бир стол атрофида жам бўлиб  келишиб кетиши жуда қийин масаладай кўринмоқда.

АҚШ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва «Толибон» расмийлари ўртасида бошланган икки томонлама музокаралар якунидан сўнг, «Толибон»нинг ҳукумат билан бевосита музокаралар олиб бориши афғон ҳукуматининг энг катта орзуси эди. 2019 йилда «Толибон» ва афғон кучлари ўртасидаги уруш стратегик бўҳронга дуч келди. Мазкур йилни тинчлик музокаралари билан ўтказган АҚШ ва «Толибон» ниҳоят бир-бирлари устидан ҳукмронлик қилишга асосланган психологик урушни келишув йўли билан ортда қолдиришга рози бўлишди. Аммо 2001 йилдан бери «Толибон»нинг «қизил олма»си сифатида қабул этилган АҚШ ва иттифоқдош кучларининг Афғонистондан бутунлай чиқиб кетиши тинчликнинг асосий шарти сифатида кўрилмоқда.

Шартномасиз чиқиб кетиш эҳтимоли Афғонистонда хаосга юзага келтириши мумкин. Аммо АҚШнинг толиблар билан музокаралар олиб боришдан яхшироқ танлови бўлмаганини ҳам таъкидлаш лозим. Қолаверса, «Толибон» расмийларининг Афғонистон ҳукумати билан бир столда ўтириб, тинчлик музокараларини қабул қилишини АҚШ ва Афғонистон ҳукумати бирлигининг толибларга қарши муҳим ютуғи сифатида баҳолаш мумкин. Афғонистоннинг Тинчлик ишлари вазири Салом Раҳимий АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик битими имзолангандан кейин «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тўғридан тўғри тинчлик музокаралари ўтказилиши кутилаётганини айтди. Ушбу йиғилишларда иштирок этиш учун делегациялар рўйхати тайёрлигини эълон қилган Раҳимийнинг «Биз Толибон билан тўғридан тўғри тинчлик музокараларини бошлашга тайёрмиз» деган баёноти бунинг далилидир.

Осон бўлмаслиги аниқ

АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Толибон» томонидан зўравонлик камайтирилиши эвазига АҚШ қўшинларининг олиб чиқилишини кўзда тутувчи тинчлик шартномасини шартли равишда ратификация қилгани ҳақидаги баёноти томонларнинг тинчликка жиддий муносабатда эканликларини кўрсатди. Бироқ сиёсий раҳбарларнинг баёнотларидан англашиладики, «Толибон» билан эришилган келишувдан сўнг, АҚШнинг чиқиб кетиши 14 ойгача давом этади. Бу жараён «Толибон»нинг инертлиги билан боғлиқ. Бу муддат давомида «Толибон» ва АҚШ ўртасидаги келишувни соҳада акс эттириш осон бўлмаслиги аниқ.

«Толибон» аввал АҚШ билан эмас, балки афғонлар билан тинчлик учрашуви ўтказиши кераклигига ишора қилган «Ҳизб-и ислом» етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр Афғонистондаги воқеалар мамлакат аҳолисини ташвишга солаётгани, шунинг учун афғонлар ўртасидаги мулоқот, энг аввало, муаммоларни ҳал қилиш учун муҳим эканини таъкидлади. АҚШ-Толибон тинчлик келишувидан сўнг Толибон-Афғонистон мулоқоти, Муваққат ҳукуматни ўрнатиш, низоларни тўхтатиш ва президент сайловларини янгилаш каби масалалар бўйича келишувга эришиладими ёки йўқ, ҳозирча бу  номаълум.

АҚШ бадал тўлаши керакми?

Илгари АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишув Афғонистондаги вазиятни ўзгартирмаслигини таъкидлаган Ҳикматёр АҚШнинг Афғонистонга бостириб кириши натижасида минглаб одамлар ҳалок бўлгани ва миллионлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганини эслатди. Унинг фикрича, Америка Қўшма Штатлари ушбу йўқотишларнинг бадалини тўлаши керак ва бу нарса тинчлик битимида ўз ифодасини топиши лозим эди. Бошқа томондан, Афғонистон Ижроия кенгаши президенти Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам «Толибон» билан тинчлик музокаралари фақат битта шахс ва муассасага тегишли эмаслиги, ушбу музокаралар Афғонистондаги ҳар бир кишини ташвишга солаётгани ва шунинг учун тинчлик бўйича якуний қарорни Афғонистон халқи қабул қилиши кераклигини, «Толибон» билан тинчлик музокараларини олиб борадиган делегациялар рўйхатига ҳар бир партия ва бўлим вакиллари ҳам киритилиши шартлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, АҚШ-Толибон тинчлик музокараларида Афғонистон ҳукумати орқада планда қолдирилганини, ҳолбуки, «Толибон»нинг асосий муаммоси Афғонистон ҳукумати ва халқи билан боғлиқ эканини таъкидлаган Афғонистон вице-президенти Сарвар Дониш «Афғон ҳукуматини, халқини, давлат ташкилотлари ва сиёсий партияларини орқа планда қолдирган битим том маънода тинчлик келтирмаслиги»ни  айтди. Бу ҳам АҚШ-Толибон тинчлик битими, аслида, қайси негизга асослангани тўғрисида саволни ўртага қўяди.

АҚШ Афғонистонни тарк этишни истайдими?

Трамп лавозимга киришган биринчи кунданоқ «First America» шиори билан АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни режалаштирганди. Бироқ АҚШнинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон ва Мудофаа вазири Жеймс Мэттис «Толибон» ҳеч қачон ғалаба қозонмайди, деб Трампни нотўғри йўналтиришди. Маслаҳатчилар Трампни афғон ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш учун яна минглаб АҚШ аскарларини юборишга кўндиришди ва ўз муваффақиятсизликлари учун барча айбни 2017 йилда эълон қилинган янги Афғонистон стратегияси ва Покистонга тўнкашди.

«Толибон» тинчлик музокараларини олиб боришга мажбур бўлади, деган гапга ишонтирилган Трамп кун келиб ўзи музокара олиб боришга мажбур бўлишини англаганда аллақачон ғишт қолипдан кўчган, АҚШ охири кўринмайдиган берк кўчага кириб қолганди.

Ва ниҳоят, Трамп Афғонистондаги АҚШ қўшинларига кутилмаган Шукрона куни ташрифини ўтказди. Унинг «Толибон битим тузмоқчи, бу амалга ошадими, йўқми, кўрамиз. Битим тузсалар ҳам, тузмасалар ҳам биз учун муаммо йўқ. Толибон билан келишувга эришмагунимизча ёки узил-кесил ғалабага қозонмагунимизча Афғонистонни тарк этмаймиз», деган гаплари тинчлик келишувининг келажаги порлоқлигига ишончни кучайтиради.  

Келишувга кўра, агар Афғонистонда ҳамма нарса режа бўйича кетса, АҚШ ва коалиция кучлари биринчи босқичда май ойига қадар 5000 аскарни олиб чиқиб кетиши кўзда тутилган. Шу асно 2021 йил баҳоригача Афғонистондаги қўшин бутунлай эвакуация қилиши керак. Бироқ савол туғилади: АҚШ ва коалиция кучлари ҳақиқатан ҳам Афғонистонни тарк этишни хоҳлайдиларми?

Афғонистонда тарих такрорланмасин

Афғонистон қамоқхоналарида хорижликларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 10-15 мингга яқин «Толибон» асирлари бор. Келишувига биноан, «Толибон» қўлидаги минг нафар ҳукумат амалдорини озод қилиш эвазига «Толибон»нинг 5 минг аъзоси қўйиб юборилиши масаласига Афғонистон президенти Ашраф Ғани аввалига қарши чиққанди.

Афғонлар ўртасида мулоқотни бошлаш шарти сифатида ушбу вазият қаршисида ўз фикрни ўзгартирган Ашраф Ғани 14 мартдан бошлаб 500 маҳбуснинг, афғонлараро музокаралар бошланиши билан эса ҳар 15 кунда 500 маҳбуснинг, жами 5 минг маҳбуснинг озод қилинишини тақвимга боғлашга қарор қилганликларини маълум қилди. Бу билан  президентлик инқирози пайтида айирбошлаш масаласига аввалдан майл билдирган рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳга қарши устун позицияга эга бўлди. 

Вьетнам синдроми

Ичкарида иккинчи Вьетнам синдроми бўлишидан ва уни яна бир бор ўз халқига кўрсатишдан қўрққан Трамп 2001 йилда террорчи сифатида бомбардимон қилинган ва ҳокимиятдан ағдарилган «Толибон» билан бир столда ўтирди. Яъни Афғонистондаги 20 йиллик урушнинг муваффақиятсизлигига тоқат қила олмаган президнт «Толибон» билан музокара олиб бориш мажбуриятида қолди.

Терактлар ҳафтаси

Ўтган вақт давомида Афғонистон ҳукумати «Толибон»га мингдан ортиқ асирни қайтарди, «Толибон» эса атиги 105 нафар полициячи ва ҳарбийларни қўйиб юборди. Натижада 11 май куни ҳукумат тенгсиз алмашувни тўхтатишга қарор қилди.

Фото: AFP

Шу куннинг ўзида мамлакатда терактлар бошланди, Таиа Маскан туманида бир неча портлашлар содир этилди.

12 май куни Кобулдаги туғруқхонага ҳужум уюштирилди. Кобулнинг ғарбий қисмида жойлашган бинода камида 24 киши, жумладан, 18 аёл ва икки нафар чақалоқ ҳалок бўлди, яна 15 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

12 май куни Нангарҳар провинциясида ҳудудий полиция бошлиғи Ҳожи Шайх Икромнинг дафн маросими вақтида ҳам портлашлар рўй берди ва 32 киши ҳалок бўлиб, 68 киши яраланди. Жароҳатланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда ва қурбонлар сони ўсиши мумкин.

13 май куни Афғонистон шарқидаги Пактия провинциясидаги ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий телеканал маълумотига кўра, автомобил шоссесида ҳаракатланган автомобилга қарата ўт очилган ва 3 нафар полициячи ҳамда тинч аҳоли вакилларидан 2 киши ҳалок бўлган.

«Толибон» бу терактларга алоқадорлигини қатъиян рад этмоқда. Айримлар ИШИД таъсиридаги гуруҳлар «Толибон» ва ҳукумат ўртасида адоват қўзғашга ва тинчлик музокаралари барбод бўлишига эришишга уринаётганини айтмоқда.

Лекин мамлакат президенти Ашраф Ғани бу хунрезликларда «Толибон» ҳаракатини айблади ва ташкилотга қарши ҳарбий амалиёт бошлашга буйруқ берди.

Бу ҳолатлар АҚШнинг толиблар билан тинчлик битими чок-чокидан сўкилиб кетганини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда олиб борилган сиёсат билан шу пайтгача тинчлик ўрната олишмади. Натижада, Американинг 20 йиллик аралашуви Афғонистонга фойда эмас, балки зарар келтирди. Россия истилосидан сўнг келишмовчиликлар келиб чиққан ҳукумат инқирози билан дастлаб «Толибон»ни, кейин эса халқаро ҳуқуқни бузган АҚШ ҳамда хорижий кучларга йўл очган маҳаллий раҳбарларнинг зиммасига янги даврда тарих яна такрорланмаслиги учун, аввало, ўтмишдан сабоқ чиқариш, интиқом жазаваси билан ҳаракат этмаслик каби муҳим вазифалар юкланади. Муҳими шуки, «Толибон» билан келишув ортидан мамлакатни тарк этишнинг энг яхши имкониятини топган АҚШ ва хорижий кучларга қарамай, афғонлараро мулоқот жараёни «аввал Афғонистон» шиори билан бошланиши керак. Афғонистон ва унинг аҳолисини озод қилиш Америка ёки бошқа бир давлатнинг ваколати ёки назорати остида бўлмаслиги керак.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид