Жаҳон | 22:40 / 17.05.2020
45479
5 дақиқада ўқилади

Афғонистонда қўшҳокимликка барҳам берилди

Афғонистон президенти Ашриф Ғани ўзининг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан ҳокимиятни бўлиб олиш бўйича келишув тузди.

Фото: AFP/GETTY IMAGES

Ўтган йилнинг сентябрь ойидаги президентлик сайловларидан кейин икки номзод ҳам президентлик учун қасамёд қилганди: амалдаги президент Ашраф Ғани ҳам, мамлакат бош вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам сайловда ғалаба қозонганини эълон қилганди.

Афғонистон марказий сайлов комиссияси Ғани сайловда кичик фарқ билан ғалаба қозонганини маълум қилганди, аммо Абдуллоҳ натижалар сохталаштирилганини айтганди.

Март ойида икки номзод ҳам бир вақтда инаугурация маросимини ўтказди, ўша вақтдан буён сиёсатчилар музокара ўтказиб келаётганди. Энди улар тузган келишувга кўра, Ғани президентлик лавозимини сақлаб қолади, аммо Абдуллоҳ ҳам ҳукуматни шакллантиришда худди давлат раҳбариникига тенг ваколатлар сақлаб қолади - икки сиёсатчи ҳам тенг миқдорда вазирларни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Reuters агентлиги хабар қилишича, икки сиёсатчининг таъсир доирасини белгилаш бўйича музокаралари давом этади.

Шу тариқа, Афғонистонда президентлик сайловларигача бўлган баланс тикланди.

«Толибон» ҳаракати билан музокаралар тикланадиган бўлса, ҳукумат номидан Абдуллоҳ Абдуллоҳ иштирок этади.

«Тарихий кун»

Келишув имзолангач, асли кўз шифокори бўлган Абдуллоҳ твиттерда ушбу битим «тинчлик сари йўл очиш, бошқарувни такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» учун тузилганини қайд этиб ўтди.

«Энди биз миллат сифатида бирлашишимиз ва амалий ечимларга интилишимиз керак», дея ёзган бош вазир.

«Доктор Абдуллоҳ миллий ярашув бўйича олий кенгашга раҳбарлик қилади ва унинг жамоаси аъзолари вазирлар маҳкамаси таркибига киритилади. Қолган тафсилотлар яқин орада маълум қилинади», дея ёзган Ғанининг матбуот котиби Содиқ Содиқий.

«Бугун Афғонистонимиз учун тарихий кун. Афғонлар миллий манфаатларга содиқ эканликлари ва бу ҳақда биргаликда қайғуришларини кўрсатишди», деган Ғани келишув имзоланиши маросимида.

Президент ва бош вазир зиддияти айниқса АҚШ томони норозилигига сабаб бўлиб келаётганди. Абдуллоҳ ва Ғани аввалроқ АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг март ойидаги Кобулга ташрифидан кейинги музокараларда келиша олишмаганди.

Вашингтон ушбу зиддият туфайли АҚШнинг Афғонистонга мўлжалланган 1 млрд доллар миқдоридаги ёрдам пакети музлатилишини маълум қилган.

Якшанба куни Помпео твиттердаги саҳифасида Ғани ва Абдуллоҳ ўртасидаги келишувни олқишлаши ҳақида ёзди. Аммо ҳозирча бу Американинг Кобулга ёрдами тикланишини кафолатламайди.

Ғани ва Абдуллоҳ ўртасидаги келишув жангарилар томонидан Кобулдаги тиббиёт муассасасига уюштирилган, 24 киши, жумладан 18 аёл ва 2 чақалоқ ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан кўп вақт ўтмай тузилмоқда.

12 май куни содир этилган теракт учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Сўнгги ой давомида Афғонистон ҳукумати толиблар билан тинчлик музокараларини тиклашга уриниб келаётганди, музокаралар апрель ойида тўхтаб қолганди. «Толибон» вакиллари музокараларни «самарасиз» деб атаб, унда иштирок этишдан воз кечганди.

Маълум қилинишича, тинчлик жараёни тўхташига толиблар ва АҚШ ўртасида 29 февраль куни имзоланган келишувда акс этган асирлар алмашинувига амал қилинмагани сабаб бўлган. Икки томон ҳам асирларни алмашиш орқали тинчликка эришишга яқин турганди, аммо толиблар афғон ҳукумати битим шартларига амал қилишни ортга сурганини маълум қилди, ўз навбатида расмий Кобул толибларни уддалаб бўлмас талаблар қўйишда айблади.

 

Мавзуга оид