Ўзбекистон | 15:23 / 17.05.2020
58161
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда коронавирус беморларидан бири вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яна бир киши коронавирусдан вафот этгани ва жами қурбонлар сони 12 нафарга етгани тўғрисида хабар берди.

Сурхондарё вилоятида коронавирус ташхиси қўйилган беморлардан бири юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди.

«Халқаро масофага қатнашга мўлжалланган юк автомашина ҳайдовчиси И. Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган. Асли сирдарёлик бўлган ушбу фуқарода икки томонлама пневмония оғир кечиб, 5 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси ҳам аниқланган.

Шу йилнинг 11 май куни эса аҳволи ёмонлашгач, Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама ўткир бронхопневмония оғир тури ташхиси билан реанимация бўлимига олинган. Бўлимда беморга мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.  

Бундан ташқари, вазирликнинг турли йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган. Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

  • 16 май ҳолатига кўра, Сурхондарё вилоятида 44 кишига коронавирус ташхиси қўйилган, улардан 40 нафари соғайган.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 12 нафарга етди. 

Бунгача Тошкентда 5, Наманганда 4, Фарғона ва Самарқандда бир нафардан бемор вафот этганди.

Мавзуга оид