Жаҳон | 11:15 / 18.05.2020
36204
8 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари қандай ҳисобланиши керак? Россия қандай ҳисобламоқда?

Россияда коронавирусдан вафот этиш кўрсаткичи дунёдаги умумий кўрсаткичлардан пастлиги турли миш-мишларни келтириб чиқарди. АҚШ нашрлари, хусусан Bloomberg бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, бироз ошириб ҳам юборди. Россия томони ҳам бу масалага муносабат билдирди. Умуман, коронавирусдан ўлим кўрсаткичи қандай ҳисобланиши борасида аниқ белгиланган тартиб мавжуд эмаслиги статистикаларда фарқни келтириб чиқармоқда.

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

«Нега вирус кўпроқ русларни ўлдирмаяпти?»

Bloomberg журналистлари экспертларда Россиядаги ўлим кўрсаткичи бўйича саволлар борлиги ҳақида материалга даставвал жуда қўпол сарлавҳа танлашди: «Экспертлар вирус нега кўпроқ русларни ўлдирмаганини билишни хоҳламоқда». Кейинроқ бу куракда турмайдиган сарлавҳа ўзгартирилди: «Экспертлар Россияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари бўйича савол бермоқда».

Мақолада Россияда ўлим кўрсаткичи касаллик юқтирганлар сони кўп бўлган мамлакатлар орасида энг паст (0,9 фоиз) эканига эътибор қаратилган. Шунингдек, ЖССТ Россия билан ўлим кўрсаткичлари бўйича музокара олиб бораётгани ҳам ёзилган. Хусусан, ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйновичнинг ташкилот Россиядаги вазият маҳаллий ҳукумат билан биргаликда муҳокама қилинаётгани ҳақидаги гапи мисол қилиб келтирилган. Вуйнович ўлим ҳолатларини аниқлашда камчиликлар бўлган ёки бўлмагани текширилаётганини айтганди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу ҳолат бўйича муносабат билдирди.

«Bloomberg агентлигининг «Нега коронавирус кўпроқ русларни ўлдирмади?», деб сарлавҳа қўйиши ажабланарли. Одамлар учун энг оғир бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотдан геосиёсий ўйинлар йўлида фойдаланишга уринаётганлар бу иш билан кимгадир ёқишга уринаётган бўлса, яна кимларнидир ўзини босолмай қолишига сабаб бўлмоқда», деган Лавров.

Яна бир қатор нашрлар Россиядаги ўлим ҳолатлари борасида мақолалар эълон қилишганди. Масалан, 12 май куни Financial Times Россияда коронавирус қурбонлари расман эълон қилинганидан 70 фоизга кўпроқ бўлиши мумкинлигини ёзганди. New York Times ҳам ўлим кўрсаткичи расмий маълумотлардагидан кўпроқлигини тахмин қилган.

Россия томони эса коронавирусдан ўлимлар кўрсаткичини камайтириб айтишдан манфаатдор эмасликларини таъкидлашмоқда. Айни дамда Россияда касалланганлар сони 281 мингдан ошиб кетган бўлиб, уларнинг 2,6 мингдан кўпроғи вафот этган. Касаллик юқтирганлар сони бўйича Россия АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқди. Россияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи бутун дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 7,6 баравар кам.

«Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, Россия ҳукумати бу борада ҳақиқатни яширишни истайдиганлар орасида йўқ, бўлганида ҳам энг охирги ўринда турган бўларди», деган Сергей Лавров бу борада. Россия ташқи ишлар вазири журналистлар бундай маълумотларни эълон қилганликлари учун жавоб беришлари керак деб ҳисоблайди.

Ўлимлар сони қандай ҳисобланиши керак?

Ўз навбатида савол туғилади: коронавирусдан ўлим кўрсаткичи қандай ҳисобланиши керак? ЖССТ бу борада аниқ кўрсатмалар тақдим этмаган. Ташкилот аввал глобал текширувлар ўтказиш кераклигини маълум қилган. Дунё бўйлаб ўтказилган кенг миқёсдаги суриштирувлардан кейингина бу борада аниқ фикр билдириш мумкин.

Яъни, коронавирус сабаб ўлди деган ташхис қаерда бошланиб қаерда тугаши борасида 100 фоиз аниқ кўрсатма мавжуд эмас. Масалан, бир киши коронавирус юқтирди ва кўп ўтмай автоҳалокатда ўлди. У коронавирус қурбонлари қаторига киритиладими йўқми бу борада аниқ тавсия йўқ. Ёки бўлмаса, юраги хуруж қилган одам коронавирус юқтирган бўлиб вафот этса, у расман вирусдан ўлган дейиладими, юрак етишмовчилигиданми? Бу савол ҳам аниқ, ягона жавобга эга эмас.

Коронавирус юқтирган одамнинг иммунитети автоматик тарзда пасайиб кетади. Бу эса организмдаги бошқа касалликларга ҳам танани емириш учун «қулай имконият яратиб беради». Ёки бўлмаса, бутун дунёдаги ваҳимани кўрган одам коронавирус юқтирганини эшитиб, ваҳимадан ўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Танасини қўрқув қоплаган одам эса ҳар қандай касалликдан ўлиши мумкин. Коронавирус энди-энди дунёга тарқала бошлаган вақтда унинг ўлим даражаси гриппникидан пастроқ экани роса эсланди ва шунда гриппдан ҳам кўп одам ўлишини билдик.

Ахир сиз-у биз ҳар йили бир неча марталаб танамизда ўтказиб юборадиган касаллик қандай қилиб одамлар ўлимига сабаб бўлади? Бу саволга ҳам иммунитет сабаб деб жавоб бериш мумкин. Яъни, грипп бўлган одамда иммунитети тушиб кетиб, бошқа хавфлироқ касаллик уни ўлдириши мумкин. Шу тариқа ўлганларнинг ҳаммаси ҳам грипп қурбонлари қаторига қўшилмайди. Коронавирус ҳам шундай, унинг аниқ қурбонларини аниқлаш мураккаб.

Албатта, ўпкани вирус емириб, нафас олиш қийинлашиб, тинимсиз йўталиш каби 100 фоиз коронавирусга тегишли аломатлар билан ҳалок бўлганлар, шубҳасиз, коронавирус қурбонлари қаторида қайд этилади. Аммо вирус юқтирган ва шундоғам сурункали касаллиги борларнинг вафот этиши статистикани ҳисоблашда қийинчилик туғдириши мумкин.

Ҳамма давлатларда қурбонлар сонини ҳисоблашда ҳар хил йўл тутилмоқда. Масалан, Бельгияда вирус юқтириб кейинчалик ҳар қанақасига ўлганлар коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмоқда. Шу сабабли, бу давлатда ўлим кўрсаткичи юқори. Балки Россияда фақат ва фақат коронавирус аломатлари билан ўлганларни вирус қурбонлари қаторига киритишаётган ва сурункали касаллиги борлар, аҳволи шундоқ ҳам оғир бўлган қариялар коронавирус юқтириб вафот этишса, уларни рўйхатга киритишмаётгандир?

Вирус қурбонлари сонини яширишдан нима фойда?

Фото: Reuters

Вирусга чалинганлар ёки унинг қурбонлари сонини яширишдан мамлакатлар қандайдир фойда кўриши қийин. Масалан, Хитой касаллик ҳақида дастлабки маълумотларни яширганини иддао қилаётган АҚШ эртага бу ҳозирча фақат фараз бўлган тахминни асос қилиб, Чин ўлкасига янги санкциялар киритиши, Хитой маҳсулотларига янги божлар жорий этиши ҳеч гап эмас.

Касаллик сонини яшириш орқали давлатлар ҳеч нарсага эриша олмайди, қайтага уларда бошқа мамлакатлар билан таққослаганда фарқли рақамлар бўлиши одамларнинг шубҳаларига асос бўлади ва бу давлатнинг дунёдаи мавқейига путур етади. Масалан, Тожикистон узоқ вақт (29 апрелгача) мамлакатда вирус йўқлигини айтиб, одамларига мақтаниб юрди, аммо ЖССТ мутахассислари келишидан бир кун аввал биратўла ўнлаб кишиларда вирус аниқлангани эълон қилинди. Бугунги кунда Тожикистонда касаллик жадаллик билан кўпайиб бормоқда ва кўпчилик касаллик камида бир ой олдин мамлакатга кириб келган деб ҳисоблайди.

Бир нарса аниқ – вирус юқтирганлар сони мамлакатдаги тиббиёт ҳолатини кўрсатиб бермайди. Масалан, АҚШда вирус юқтирганлар сони 1,6 миллиондан ошгани бу мамлакатда тиббиёт кучсиз дегани эмас. Улар жуда кўп тестлар ўтказишди ва шунинг эвазига касаллик аниқланганлар сони юқори. Албатта, карантин кеч жорий қилинганини ҳам унутмаслик керак.

Вақтида карантин киритмай, хавфсизлик чорасини кўрмаганлар кейинчалик оғир аҳволга тушиб қолди. Бунга Тожикистон, Беларусь, Швеция ва Бразилияни яққол мисол қилиб келтириш мумкин. Шу ўринда кичик бир мулоҳаза. Дунё дуч келган энг катта синовга айланган коронавирус вақтида одамларни фақат бир нарса тинчлантириши мумкин: ҳаммасини борича айтиш. Маълумотларни яширган, одамларни ҳаммаси яхши эканига ишонтиришга уринганлар кейинчалик ўз мамлакатларига қанчалик ваҳимага сабаб бўлганларини вақт кўрсатиб қўйди.

Мавзуга оид