15:14 / 18.05.2020
101795

Йўловчилар учун коронавирусга тест топшириш нархи маълум қилинди

Поезд ёки самолёт орқали ҳаракатланишни хоҳлаганларда 120 соатдан, яъни 5 кундан кўп бўлмаган муддат оралиғида коронавирусга тест топширгани ва натижа манфийлигини – вирус йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома бўлиши керак.

Фото: Zuma\TАСС

АОКАда ўтказилган онлайн брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков томонидан маълум қилинишича, тест топшириш нархи 224 минг сўм этиб белгиланган.

«Ўзбекистонда коронавирус учун тест топшириш бепул амалга оширилади. Бироқ авиа ва темирйўллар орқали йўловчиларнинг ҳаракатланиши учун Республика махсус комиссияси томонидан вақтинчалик алоҳида тартиб ишлаб чиқилди.

Унга кўра, поезд ёки самолёт орқали ҳаракатланишни хоҳлаган фуқароларда 120 соатдан, яъни 5 кундан кўп бўлмаган муддат оралиғида коронавирусга тест топширгани ва натижа манфийлигини – вирус йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома бўлиши керак», дейди Нурмат Отабеков.

Унинг таъкидлашича, йўловчиларнинг тест топшириш тартиби тўғрисида 16 майда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг қарори қабул қилинган.

«Қарорга кўра, тест топшириш нархи 224 минг сўм этиб белгиланган. Тестни республикадаги ОИТСга қарши кураш марказлари ва санитария-эпидимиология осойишталиги марказлари орқали топшириш мумкин», деди у.

Эслатиб ўтамиз,  аввалроқ Ўзбекистонда ҳудудлараро транспорт ҳаракатига 18 май кунидан бошлаб рухсат берилганди ва авиа ва темирйўл рейсларига чиқиш истагида бўлган фуқаролар коронавирус учун тест топшириши лозимлиги маълум қилинган эди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top