Жаҳон | 09:37 / 19.05.2020
7096
3 дақиқада ўқилади

АҚШ бош прокурори Apple’ни Россия ва Хитойга ишлашда айблади

АҚШ бош прокурори Уильям Барр Apple компаниясини Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилишда айблади. Унинг фикрича, ушбу давлатлар фуқаролар ортидан кузатув олиб бориш мақсадида компания билан тил бириктирган.  

Фото: AP Photo / Ng Han Guan, File

Барр бунга Федерал қидирувлар бюроси Флорида штатидаги авиабазада 2019 йил декабрда отишма уюштирган саудиялик курсант Муҳаммад аш-Шамраний телефонига кира олгани муносабати билан тўхталиб ўтган. Телефонда олинган маълумотлар ҳужум террорчилик мақсадида амалга оширилганидан дарак беради.

Apple АҚШ идораларига доимий асосда фойдаланувчилар қурилмаларига кириш имконини беришни рад этган, бироқ тергов доирасида ҳамкорлик қилишга рози бўлган. 

“Apple Хитой коммунистик партияси ва Россия билан ушбу давлатлар ҳукуматлари катта кўламли кузатув олиб бора олиши учун ўз маълумотлар марказини кўчириш борасида ишлагани ҳақида кўплаб хабарлар бўлган”, деб айтган Барр матбуот анжуманида.  

“Биз эса Apple’дан ҳеч қандай ёрдам олмаганмиз. Бундай компаниялар маълумотларнинг тўлиқ шифрланиши, шахсий ҳаётга ҳуқуқни ҳимоялаб баралла бонг уриб, шу билан бирга гап ўз бизнес-манфаатлари ҳақида кетганда  авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлар. Apple ўз маълумотлар марказларини Хитой ва Россияга кўчириб, Хитой коммунистик партияси ва Россия тузумига кузатув олиб боришни ташкиллаштиришда ёрдам берган”, деб қўшимча қилган АҚШ бош прокурори.

Баррнинг таъкидлашича, компания нопок тузумларга қарши курашувчилар қўллаган имконият ва дастурларни ўчириб ташлаган. Унинг фикрича, Apple авторитар давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлиб, қонун устувор бўлган, дахлсизлик ва фуқаролар эркинлиги ҳурмат қилинадиган давлатлар билан ҳамкорликдан воз кечса, буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Таъкидланишича, ФҚБ Apple ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабабли аш-Шамраний телефонидаги маълумотларни олиш учун 4 ойдан кўпроқ вақт сарфлаган. 

Ўз навбатида компанияда таъкидланишича, Флоридадаги ҳужумдан кейин компания ФҚБга барча мавжуд маълумотни тақдим қилган ва тергов билан ҳамкорлик қилган. Компанияда маълум қилинишича, у ушбу иш ва бошқа минглаб ишлар доирасида ФҚБ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узукун ҳамкорликни давом эттирмоқда.  

Шу билан бирга, Apple’да АҚШ махсус хизматларига фойдаланувчилар қурилмаларига доимий асосда кириш имкониятини бериш мақсадга мувофиқмас, деб ҳисобланади. Чунки ҳуқуқ-тартибот идораларига берилган бундай имкониятдан фирибгарлар ҳам фойдаланиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид