Ўзбекистон | 07:33 / 19.05.2020
93629
9 дақиқада ўқилади

Президент аҳоли томорқалари бўйича янги қарор имзолайди

Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади.

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

ҳар бир туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлари ҳудудида камида биттадан “Томорқа хизмати” МЧЖларни ташкил этиш;

аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун камида 3 гектардан ер ажратиш;

аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғни тизимли етказиб бериш ва уларда етиштирилган маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун вилоят ва туман (шаҳар) марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар учун махсус савдо майдонларини ажратиш таклифлари маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг аҳоли томорқаларида етиштириладиган мева-сабзавот, гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кафолатли сотиш тизимини яратиш учун қайта ишлаш ва экспорт қилишда ишлаб чиқарувчи, тайёрловчи ва “Томорқа хизмати” МЧЖларининг ўзаро кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Унга мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган маҳсулотни етказиб бериш “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан йиғиб олинган ҳолда қайта ишлаш корхонаси ёки экспортёр, ишлаб чиқарувчи ва “Томорқа хизмати” МЧЖ ўртасида тузиладиган уч томонлама келишув асосида амалга оширилиши мумкин.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини сотишдан тушган пул маблағларининг 10 фоизи Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг даромад манбаларидан бири этиб белгиланади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ерга ишлов бериш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ва паррандачилик хўжаликлари ташкил этиш учун тижорат банклари орқали 3 йил муддатга “Томорқа хизмати” МЧЖга кредит ажратиш Манзилли Дастурига 50 млрд.сўм;

аҳоли хонадонларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун 30 млрд.сўм ажратади.

2023 йил 1 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:

“Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 3 млрд. сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилиши белгиланади;

Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг асосий ставкасида ва ундан юқори ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизини қоплаб бериш тизими жорий этилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

“Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан аҳоли томорқаларида етиштириладиган сут маҳсулотларини йиғиб олиб қайта ишлаш корхоналарига шартнома асосида етказиб бериш учун хом сут қабул қилиш шохобчалари ташкил қилиш;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси билан биргаликда цистернада автоматлашган сут ҳажмини ўлчаш ва тозалаш механизмига эга сут маҳсулотлари йиғиш машиналарини, мотокультиваторларни маҳаллийлаштириш чораларини кўради.

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун давлат бюджети ҳисобидан субсидия:

аҳоли хонадонларида қазиладиган якка артезиан қудуқларини қазиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳар бир қудуққа базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида;

камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғориш учун йирик артезиан қудуқларини қазиш харажатларининг 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш Ҳукумат томонидан бу борада мавжуд тартиб талаблари асосида;

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда ажратилади.

Белгилаб қўйилишича:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, мотокультиватор ва унинг эҳтиёт қисмлари, минитракторлар, совутгич тизимлари ва уларнинг жиҳозлари, аҳоли хонадонларида ўрнатиладиган сув насослари, бурғилаш ускуналари қуритиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари);

“Томорқа хизмати” МЧЖлар ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб мазкур қарорга мувофиқ уларнинг асосий фаолияти доирасида 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар, қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно, озод этилади;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 апрелга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантириб тасдиқлайди;

лойиҳалар ташаббускорларига ажратиладиган субсидиялар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга асосан 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонига асосан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

“Томорқа хизмати” МЧЖларга берилаётган имтиёзлар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан юритиладиган “Томорқа хизмати” МЧЖлар реестрига киритилган корхоналарга татбиқ этилади.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда:

а) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар ҳамда суғориш воситалари харид қилиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 10 бараваригача;

б) ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга экин экишга, чорва, парранда, қуён боқишга ихтисослашган кооператив устав фондига улуш сифатида киритиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача субсидиялар ажратилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

бир ой муддатда ер ва иқлим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, кўчат ва уруғ навларини ҳудудлар кесимида экиш бўйича амалий-методик қўлланма ишлаб чиқиб, жойларга етказилишини;

Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларини, “Экстеншен” маркази ва “Инвитро” лабораторияларини “Томорқа хизмати” корхоналарига бириктирилишини таъминлаш топширилади.

Тошкент давлат аграр университети, Фарғона вилояти Қува туманидаги Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази:

“Томорқа хизмати” МЧЖ ходимларини малакасини оширишни;

“Томорқа хизмати” МЧЖ таклифлари асосида улар билан ишловчи томорқа ер эгаларининг малакасини оширишни тизимли ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида қилинадиган ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади.

Мазкур қарорда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда вазирлик тузилмасида белгиланган чекланган штат бирликлари доирасида 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда маҳаллаларни томорқа хизматларига кўмаклашгани учун рағбатлантириш бўйича тавсияларини ишлаб чиқади.

Мавзуга оид