Ўзбекистон | 09:30 / 20.05.2020
4575
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сайлов округларининг чегаралари ўзгаради

Депутатларнинг фикрича, сайлов округлари чегараларининг ўзгариши натижасида сайланган депутатларнинг ҳам ҳудуди қисман ўзгаради. 

Фото: KUN.UZ

Қонунчилик палатасининг жорий йил 19 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомилларини белгилайди. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларининг давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатларини назарда тутади.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмитада манфаатдор давлат органлари билан биргаликда унга қонунчилик техникаси талабларига мувофиқ ҳолда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

“Асосий тушунчалар” акс этган моддада икки ва ундан ортиқ нормаларда ишлатилаётган тушунчалар мазмуни очиб берилди.

“Қорақалпоғистон Республикаси бўйсунувидаги туман ва шаҳарларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги, вилоятлар бўйича туман ва шаҳарларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги нормалар лойиҳага киритилмоқда.

“Шаҳарларни республика бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида”ги норма алоҳида моддада акс этмоқда. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 4 июндаги фармони билан республика бўйсунувидаги шаҳарлар тоифаси белгиланган. Қонун лойиҳасида эса бу туркумдаги шаҳарлар бўйича норма аввалги қонунда мавжуд эмас эди.

Маъмурий-ҳудудий масалаларни ҳал қилишда сайлов округларининг чегараларини ўзгартиришга оид модда мунозараларга сабаб бўлди. Депутатларнинг фикрича, сайлов округлари чегараларининг ўзгариши натижасида сайланган депутатларнинг ҳам ҳудуди қисман ўзгаради. Амалиётдан келиб чиқиб ҳамда бошқа ҳужжатларда ушбу норма акс эттирилмаганлиги сабабли ушбу қонун лойиҳасида тегишли модда келтирилмоқда.

Муҳокамаларда ушбу ҳужжат Қонунчилик палатасининг фракциялари, қўмиталари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан кўриб чиқилиб, таклиф ва тавсиялар олингани қайд этилди.

Баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид