Жаҳон | 20:22 / 21.05.2020
10330
2 дақиқада ўқилади

Дания улкан сунъий ороллар қурмоқчи

Оролларнинг ҳар бирида икки гигаваттдан электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу ҳозирда Даниядаги барча уй хўжаликлари истеъмол қиладиган электр энергияси миқдоридан кўпроқдир.

Дания иқлим ўзгаришига қарши кураш дастури доирасида иккита улкан сунъий орол қуриш ва уларда шамол электр станцияларини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Handelsblatt нашри хабар берди.

Ороллар Шимолий ва Болтиқ денгизларида қурилади. Даниянинг иқлим, энергетика ва қурилиш масалалари бўйича вазири Дан Йоргенсеннинг сўзларига кўра, лойиҳа қиймати бир неча юз миллиард дания кронасига тенг бўлади. 

Мамлакат ҳукуматининг режасига кўра, лойиҳа хусусий инвесторлар томонидан молиялаштирилади. Агарда давлат ҳам ороллар қурилишга ҳисса қўшадиган бўлса, унинг улуши жуда кам бўлади, деб ёзади Reuters.

Қироллик иқлим вазирлигининг маълумот беришича, оролларнинг ҳар бирида икки гигаваттдан электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу ҳозирда Даниядаги барча уй хўжаликлари истеъмол қиладиган электр энергияси миқдоридан кўпроқдир. Мамлакат ҳукумати ортиқча энергия Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинишини билдирди.

Дания 2030 йилга келиб ис гази ажралиб чиқишини 1990 йилдагига нисбатан 70 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Копенҳаген яшил технологияларни ривожлантириш учун катта маблағ сарфламоқда. 

Мавзуга оид