Ўзбекистон | 07:31 / 21.05.2020
27824
2 дақиқада ўқилади

Давлат органларига бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдори кўпайтирилди

«2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди. Тузатишлар орқали СOVID-19 пандемияси даврида Давлат бюджетининг барқарорлиги таъминланиши лозим.

Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар қайта кўриб чиқилди:

биринчидан, «Эл-юрт умиди» жамғармасининг трансфертлар ҳисобидан прогноз харажатлари – 30 млрд сўмга камайтирилди;

иккинчидан, республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга (юқори маҳаллий ҳокимият органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари, бошқа органлар ва ташкилотлар) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари – 5,4 трлн сўмга кўпайтирилди.

Бунда жорий харажатлар, шу жумладан қуйидагиларни камайтириш ҳисобига 7,5 трлн сўмга оширилади:

объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларни – 2,1 трлн сўмга;

давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни – 30 млрд сўмга («Эл-юрт умиди» жамғармаси харажатлари, юқорида келтирилган);

Молия вазирлигига республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар таркибига киритилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилди.

Президент ва Ҳукуматнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан келиб тушадиган маблағларнинг бир қисмини республика бюджетига ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонун 19.05.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид