Жаҳон | 08:01 / 22.05.2020
16789
2 дақиқада ўқилади

Журналист Жамол Қошиқчи оиласи унинг қотилларини кечиришини маълум қилди 

Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасида 2018 йил октябрда ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи оиласи бу жиноятда айбланаётганларни кечиришини маълум қилди.

Фото: EPA/ALI HAIDER

Бу ҳақдаги хабар журналистнинг ўғли Салоҳ Қошиқчининг твиттердаги саҳифасида эълон қилинган.   

“Биз, Жамол Қошиқчи ўғиллари бу муқаддас ойнинг ушбу саховатли тунида отамизни ўлдирганларни кечирамиз”, дейилган хабарда.

Ар-Риёд сиёсатининг танқидий мақолалари билан маълум бўлган журналист 2017 йилдан АҚШда яшаб келган ва The Washington Post нашри учун мақолалар ёзган. У Истанбулдаги консулхонага 2018 йил 2 октябрда ҳужжатларни расмийлаштиргани келгач, изсиз йўқолган. Шундан кейин унинг ўлдирилгани ва буни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шахсан буюргани ҳақида тахминлар пайдо бўлган. 20 октябрда Саудия Арабистони ҳукумати журналист консулхонада юз берган можора вақтида ўлдирилганини маълум қилган. Дунё ҳамжамияти ушбу жиноятни қоралаб, Ар-Риёддан у бўйича очиқ-ойдин тергов ўтказишни талаб қилган.  

Ар-Риёднинг таъкидлашича, дастлаб журналистни Саудия Арабистонига олиб чиқиб кетишмоқчи бўлган.

Саудия Арабистони ушбу жиноятнинг тергови бўйича 2018 йил ноябрда қотилликка алоқадор 11 саудияликка айбловлар илгари сурган. 

2019 йил декарбда айбланувчилардан 5 нафарига ўлим жазоси тайинланган, яна 3 киши умумий ҳисобда 24 йилга озодликдан маҳрум этилган. 

Бироқ 2020 йил 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинаётган 18 кишига нисбатан судга даъво аризаси тайёрлаган. Прокуратура айбдорлар учун умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда.

Мавзуга оид