Ўзбекистон | 00:08 / 22.05.2020
17976
2 дақиқада ўқилади

Президент Андижонда иш бошлаган технопаркни бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида Digital City номли технопарк билан танишди.

«Яқиндагина 5,6 гектар майдонда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган. Ҳозирда бу ерга туманлардан 328 мутахассис жалб этилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари ёшлар билан суҳбатда уларни доимий ўрганиш, изланишга чорлади.

«Жуда тўғри йўлни танлагансизлар. Бу – серқирра ва истиқболли соҳа. Сизлар бошқалардан 10-15 йил олдин юришларингиз керак. Энг долзарб йўналишлар бўйича дастурий маҳсулотлар яратиб, халқимизга ва хорижликларга қулай хизматлар кўрсатиб, ҳам оилангизга, ҳам жамиятимизга наф келтиришингиз мумкин», деди президент.

Технопаркда маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар, янги ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг қулайликлар яратилган. Жумладан, коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Туманларда ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин.

Мажмуада ётоқхона ва ошхона ташкил этиб, шароитларни янада яхшилаш, бундай технопаркларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда ёшлар бандлигини таъминлаш, мактаб битирувчиларини фриланс бозорига тайёрлаш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.

Давлат раҳбари олий ўқув юртига киролмаган ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг қизиқиш ва лаёқатини ўрганиб, касбга йўналтириш бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид