Ўзбекистондаги 413та бозорда рейд ўтказилиб, карантин қоидаларини бузганлар аниқланди
22 май, жума куни республикадаги 413та бозорда Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан рейд тадбирлари ўтказилди.
Миллий гвардия матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирлар давомида 84 киши карантин қоидаларини бузгани аниқланган.
«Бундан ташқари, жойларда санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида 1306та объектда дезинфекция ишлари амалга оширилди», – дейилади хабарда.
Тошкент шаҳар ИИББдан хабар қилишларича, 21 май куни пойтахтдаги 470та савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини текшириш вақтида 63та қоидабузарлик аниқланган, 22 май куни текширилган 544та объектдан 74тасида қоидага амал қилмаслик ҳолати қайд этилган.
«21 май куни 132та ҳолатда тиббий ниқобсиз кўчага чиқиш ва 22 майда ҳам тиббий ниқобни тақмаган 110 киши аниқланди. Шу икки кун ичида патруль хизмати ходимлари жамоат жойларида тиббий ниқобларсиз бўлган 187 кишини аниқладилар», – дейилади пойтахт ИИББ ахборотида.
Маълумот учун, МЖтКнинг 54-моддасига асосан, карантин қоидаларини бузганлар қуйидаги миқдорларда жаримага тортилади:
- фуқаролар – БҲМнинг 20-30 баравари (4 460 000 – 6 690 000)
- мансабдор шахслар – 30-50 баравари (6 690 000 – 11 150 000)
Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Тошкентдаги «Ўрикзор» савдо мажмуасида коронавирус инфекцияси аниқланиб, бозор вақтинчалик ёпилгани маълум бўлган эди.
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб карантиндан ташқаридаги кишиларда ҳам коронавирус аниқланиши ҳолатлари кўпайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳафта давомида бир неча марта аҳолини хотиржамликка берилмасликка чақирди.
«Касалланиш ҳолатлари шу темпда ўсса, қатъий карантин қайтади», деди Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ айрим фуқаролар санитария-эпидемиология қоидаларига умуман риоя қилмай қўйганини таъкидлаб чиққан эди.
Мавзуга оид
09:52
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
08:00 / 07.10.2024