Ўзбекистон | 15:04 / 25.05.2020
4831
3 дақиқада ўқилади

Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартибига тузатишлар киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2020 йилдаги 302-сон қарори билан Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар 3 ойдан кейин кучга киради.

Norma’нинг ёзишича, низом қуйидагиларни импорт қилишга рухсат берувчи нормалар билан тўлдирилди:

яроқлилик муддатлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда қайд этилган яроқлилик муддатларидан фарқ қилган озиқ-овқат маҳсулотлари. Аккредитациядан ўтган лаборатория мажмуалари томонидан уларнинг қайд этилган яроқлилик муддатига мувофиқлиги ва хавфсизлик кўрсаткичларига таҳлиллар ўтказилиб ижобий баҳоланганидан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади;

болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар ўйинчоқлари, энергетик ичимликлар аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан токсикологик таҳлиллар ўтказилиб, хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ижобий баҳолангандан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлик (номувофиқлик) тўғрисида берилган санитария-эпидемиологик хулосаларнинг электрон реестрини юритади. Реестр Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилади. 
 
Санитария-эпидемиологик хулосани беришни рад этиш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда. Қуйидаги ҳолатларда ҳам хулоса берилиши рад этилиши мумкин:

санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириб бериш вақтида озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати 60 фоиздан кам бўлганида (ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган умумий яроқлилик муддатига нисбатан фоизда);

халқаро аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун таҳлил баёнлари бўлмаса;

юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланганлиги аниқланганда;

радиоактив кўрсаткичларнинг меъёрлардан юқорилиги аниқланганда;

таркибида генетик модификацияланган организмлар белгиланган меъёрлар даражасидан юқори бўлганда;

паразитлар ёки уларнинг тухумлари аниқланганда;

ўтказилган лаборатория синовларининг салбий натижалари олинганда;

ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда.
 
Шунингдек, истеъмол қилишга ва фойдаланишга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки республика ҳудудига олиб киришни тақиқлаш тартиби белгиланди.
 
Лаборатория синовларининг салбий натижалари олинганда, масъул санитария врачи томонидан тегишли далолатнома тузилади. Агентлик, унинг ҳудудий ёки туман (шаҳар) маркази раҳбари далолатнома асосида истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки мамлакатимизга импорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарорни имзолайди. Қарорнинг бир нусхаси аризачига берилади. Маҳсулотнинг истеъмолга яроқсизлиги республика ҳудудида аниқланган тақдирда, юк эгаси озиқ-овқат маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиши ҳуқуқига эга бўлади.
 
Истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиш усуллари ва шартлари белгиланди. Бунга қадар маҳсулот алоҳида жойда (резервуарда), ҳисобда тўплами, ишлатиш ёки йўқ қилиш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши шарт. Бундай маҳсулот тўлиқ сақланиши учун масъулият унинг эгаси зиммасига юкланади. Маҳсулотни экспертиза қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, йўқ қилиш усуллари ва шартларини белгилаш ёки реэкспорт қилиш билан боғлиқ харажатлар унинг эгаси томонидан қопланади.
 
Ҳужжат 21.08.2020 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид