Norma’нинг ёзишича, низом қуйидагиларни импорт қилишга рухсат берувчи нормалар билан тўлдирилди:

яроқлилик муддатлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда қайд этилган яроқлилик муддатларидан фарқ қилган озиқ-овқат маҳсулотлари. Аккредитациядан ўтган лаборатория мажмуалари томонидан уларнинг қайд этилган яроқлилик муддатига мувофиқлиги ва хавфсизлик кўрсаткичларига таҳлиллар ўтказилиб ижобий баҳоланганидан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади;

болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар ўйинчоқлари, энергетик ичимликлар аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан токсикологик таҳлиллар ўтказилиб, хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ижобий баҳолангандан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлик (номувофиқлик) тўғрисида берилган санитария-эпидемиологик хулосаларнинг электрон реестрини юритади. Реестр Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилади. 
 
Санитария-эпидемиологик хулосани беришни рад этиш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда. Қуйидаги ҳолатларда ҳам хулоса берилиши рад этилиши мумкин:

санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириб бериш вақтида озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати 60 фоиздан кам бўлганида (ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган умумий яроқлилик муддатига нисбатан фоизда);

халқаро аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун таҳлил баёнлари бўлмаса;

юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланганлиги аниқланганда;

радиоактив кўрсаткичларнинг меъёрлардан юқорилиги аниқланганда;

таркибида генетик модификацияланган организмлар белгиланган меъёрлар даражасидан юқори бўлганда;

паразитлар ёки уларнинг тухумлари аниқланганда;

ўтказилган лаборатория синовларининг салбий натижалари олинганда;

ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда.
 
Шунингдек, истеъмол қилишга ва фойдаланишга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки республика ҳудудига олиб киришни тақиқлаш тартиби белгиланди.