23:04 / 26.05.2020
56980

Самарқандда коронавирус беморларининг яна бири вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-топмир етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди. Эндиликда Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 14 нафарга етди.

«Самарқандлик И. шу йилнинг 19 май куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига оғир аҳволда ётқизилган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида унда Covid-19 инфекцияси тасдиқланган. Пахтачи туманида яшаган 63 ёшли (эркак) ушбу беморнинг 3 йилдан буён I-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган. 2017 йилдан буён доимий гемодиализ муолажасини олиб келган. 

Шу йилнинг 25 май куни беморнинг аҳволи ёмонлашган, бурундан ва ички қон кетиш белгилари пайдо бўлган ва реанимация бўлимига олинган. Бўлимда беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.  

Бундан ташқари, вазирликнинг турли йўналишлар бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ходимлари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган. 

Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари ўлими билан боғлиқ ҳолат охирги марта 18 май куни Тошкентда қайд этилганди.

Шу вақтгача Наманганда 4, Тошкентда 6, Фарғона, Самарқанд ва Сурхондарёда биттадан ўлим рўй берган.

26 май куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 3281та ҳолат аниқланган, беморларнинг 2636 нафари соғайган. Шифохоналарда 631 бемор даволанмоқда, улардан 2 нафари оғир аҳволда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top