Ўзбекистон | 10:42 / 27.05.2020
29500
2 дақиқада ўқилади

Марҳамат туманига янги ҳоким тайинланди

Президент администрацияси ходими Бобирбек Юлдашев Андижон вилоятининг Марҳамат туманига ҳоким бўлди.

Бугун, 27 май куни куни Халқ депутатлари Марҳамат тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилиб янги туман ҳокими тайинланди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, шу кунгача Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шўъбаси бош инспектори лавозимида ишлаб келаётган Бобирбек Баҳодирович Юлдашев туманнинг янги раҳбарига айланган.

Бобирбек Юлдашев

Бобирбек Юлдашев 1986 йилда Андижон шаҳрида туғилган, 2008 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини (сиртқи) тамомлаган.

2005-2006 йилларда Андижон шаҳар статистика бўлими иқтисодчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2006-2009 йилларда Андижон вилояти статистика бошқармасида фаолият юритган, 2009-2018 йилларда Андижон вилояти ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаган, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шўъбаси етакчи инспектори сифатида ишлаган, 2019 йилдан ҳозиргача ушбу шўъба бош инспектори лавозимида фаолият юритаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни президент иштирокида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселекторда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилганди. Хусусан, Бўстонлиқ, Муборак, Яккабоғ, Тўрткўл, Сўх туманлари ва Оҳангарон шаҳри қаторида Марҳамат туманида ҳам тадбиркорлар томонидан эътирозлар кўплиги маълум бўлгани айтилганди.

2017 йилдан буён Марҳамат туманига ҳокимлик қилиб келган Шуҳратбек Қамчиев 2020 йилнинг 21-22 май кунларида президентнинг Андижон вилоятига сафари давомида ишдан олинди.

Мавзуга оид