08:18 / 28.05.2020
10216

Япония иқтисодиёти расман рецессия даврига кирди

Япония иқтисодиётида кетма-кет икки чоракда қисқариш кузатилди. Натижада дунёнинг учинчи энг йирик иқтисодиётида расман рецессия бошланди.

Фото: AFP/Getty Images

2020 йилнинг биринчи чорагида Япония реал ялпи ички маҳсулоти ҳажми мавсумий ўртача кўрсаткичдан 3,4 фоизга паст бўлди.

Таҳлилчилар бу даврда мамлакат иқтисодиётига етган зарарни бундан каттароқ деб баҳолаб, пасайиш 4,6 фоизни ташкил этишини прогноз қилганди.

Бу ҳақда Япония ҳукумати ахборотига асосланиб, The Diplomat хабар бермоқда.

Пандемия фонида рўй бераётган инқироз шароитида йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқариш, экспорт ва истеъмол харажатлари кўрсаткичлари, умуман мамлакат иқтисодиётининг барча жабҳаларида қисқариш қайд этилди.

Март ойида Японияда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиб, апрель ойида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилингани ҳисобига, иккинчи чоракдаги кўрсаткичлар бундан-да салбий тус олиши кутилмоқда.

Айрим таҳлилчиларга кўра, 2020 йилда Япония иқтисодиёти 20 фоиздан кўпроққа қисқариши эҳтимоли бор. Агар шундай бўлса, бу Японияда иқтисодий маълумотлар расман қайд этила бошланган 1955 йилдан кейинги давр учун антирекорд бўлади.

Кунчиқар юртда рецессия (кетма-кет икки чоракда ЯИМ ҳажмининг қисқариши) сўнгги марта 2015 йилда кузатилганди.

Одатда туристлар билан тўлиб-тошадиган Токио ҳозир бўш қолмоқда. NHK`нинг ёзишича, дунёнинг энг кўп йўловчи қатнови амалга ошириладиган поезд станцияларидан бири – Шинжуку темирйўл станцияси атрофида пиёдалар ҳаракати 70 фоизга камайган.

Шунингдек, мамлакатда апрел ойида истеъмолчилар ишонч индекси 2008 йилги молиявий инқироз ва 2011 йилдаги Фукусима ядровий портлашидан кейинги ҳолатдан ҳам пастроққа тушиб кетган. Экспорт эса апрелнинг биринчи 20 кунида бешдан бирга қисқарди.

Умумий ҳисобда, Япония инқирозни юмшатиш учун ўз ЯИМнинг 20 фоиздан ортиғини сарфлади.

25 май куни мамлакатнинг барча префектураларида фавқулодда ҳолат режими тугатилди.

Гарчи япон ҳукуматининг пандемияга қарши олиб бораётган ишлари тез-тез танқид қилиб турилган бўлса-да, мамлакатда вирусдан зарарланишнинг кучли тўлқини кузатилмаганини таъкидлаш лозим.

28 май ҳолатига кўра, Японияда 16,6 минг кишига Covid-19 ташхиси қўйилган ва бу билан мамлакат беморлар сони бўйича дунёда 40-ўринда бўлиб турибди.

Беморларнинг 846 нафари вафот этди, 13,8 мингдан ортиқ киши тузалган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top