Ўзбекистон | 21:47 / 01.06.2020
2270
4 дақиқада ўқилади

Статистика тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ҳудудлар ва тармоқлар статистикасини ўзаро мувофиқ шакллантириш, уларни ягона халқаро статистика тизими билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари бўйича халқаро ҳисоб механизми жорий этилиши белгиланди. Бусиз тиббий суғуртани амалиётга киритиб бўлмайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамаси, Давлат статистика қўмитасига таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва яна қатор соҳалар статистикасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Давлат идораларининг статистикани шакллантириш жараёнини аудит қилиш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Жаҳон маълумот базаларида Ўзбекистоннинг тармоқ индикаторлари тўлиқ акс этмагани ачинарли ҳол. Шу муносабат билан, мутасаддиларга меҳнат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳалар бўйича халқаро базаларда мамлакатимиз кўрсаткичларини тўкис акс эттириш юзасидан топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яна бир муаммо шундаки, статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланмоқда. Уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилмоқда. Солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда дастурий таъминотни янгилаш, солиқ, меҳнат, молия соҳаларида статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.  

Бугунги кунда Марказий банк, Молия вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг соҳадаги фаолияти мувофиқлаштирилмайди. Аслида эса, статистик кўрсаткичларнинг 40 фоизи ушбу идоралар томонидан шакллантирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу боис бу борадаги қонунни ва 17 йил аввал ташкил этилган Статистика кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, халқаро талаблар асосида мустақил статистика тизимини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Маълумки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ўзбекистон президентининг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. Жорий йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 

Президент аҳолини рўйхатга олиш статистикани шакллантиришда асосий манба экани, бунга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади.

Статистика қўмитасида махсус бўлинма ташкил этиб, хорижлик экспертларни жалб қилиш, қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш институти фаолиятини такомиллаштириб, аҳолини рўйхатга олишда қатнашадиган барча мутахассисларни ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сўнгги 5 йилда 318 нафар бакалавр ва 33 нафар магистр тайёрланган бўлиб, статистика идораларида уларнинг 10 фоизи ишламоқда, холос. Тизимдаги ходимларнинг 2 фоизигина статистика бўйича олий маълумотга эга. Шунингдек, 30 йил давомида атиги 1 нафар фан доктори, 11 нафар фан номзоди илмий иш ёқлаган.

Шу боис кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва статистика фанини ривожлантириш, соҳада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда ишлаб чиқилган Статистика тизимини ривожлантириш стратегияси тақдимоти ўтказилди. Шавкат Мирзиёев уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид