07:23 / 05.06.2020
20235

Президент қурилиш материаллари саноати бўйича янги қарор имзолайди (батафсил)

Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади.

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

2020-2025 йилларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, маҳаллий хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хом ашё базасини кенгайтириш бўйича прогноз кўрсаткичлари;

2020-2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;

2020-2023 йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасида, шу жумладан истиқболли конларни ўзлаштириш ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг йиғма кўрсаткичлари ва рўйхати;

қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлар дастури;

2021 йилнинг 31 декабрига қадар давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали қабул қилинадиган қурилиш материаллари соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг:

а) «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасида қурилиш материаллари саноати соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга маслаҳат-сервис ва амалий кўмак беришни мувофиқлаштирадиган йиғма бўлинма ташкил этиш;

б) «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг республика ҳудудларида қурилиш материаллари саноати соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга маслаҳат-сервис ва амалий кўмак берадиган ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш учун бепул тарзда алоҳида хизмат хоналарини ажратиб бериш;

г) ҳудудий бўлинмаларнинг сақлаш харажатлари «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватланади.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қуйидаги таклифларига:

Тошкент шаҳар, Тафаккур кўчаси 68а-уй манзилида жойлашган, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси балансидаги бинони капитал таъмирлаш орқали «ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳузурида янги композит материаллар ва инновацион кимё технологиялари асосида қурилиш материалларига оид илмий тадқиқотларни ҳамда синов ишларини амалга оширадиган замонавий лабораторияни ташкил этиш;

лабораториянинг маъмурий бино ва иншоотларини қуриш, уни илғор ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида, «Қизилқумцемент» АЖ - 30,5 млрд сўм, «Кварц» АЖ - 4 млрд сўм ҳамда «Бекободцемент» АЖ – 3,4 млрд сўм, жами 37,9 млрд сўм пул маблағларини корхоналарнинг инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан Марказнинг устав капиталидаги улушларини кўпайтириш учун 2020 йил 1 июлга қадар ўтказиб бериш;

Марказ томонидан импорт қилинадиган замонавий лаборатория ускуналари, бутловчи буюмлари, эҳтиёт қисмлари ва ўлчов воситаларини 2022 йил 1 январга қадар ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этиш;

«Ўзстандарт» агентлиги лаборатория жиҳозлари ўрнатилгандан сўнг, уларни қиёслов кўригидан ва аккредитациядан ўтказиш, шунингдек республикада мавжуд барча қурилиш материалларининг меъёрий ҳужжатлар фондини ташкил этиш ишларини бир ой муддатда беғараз амалга оширишга розилик берилади.

Белгилаб қўйилишича, Марказ замонавий лаборатория ускуналари ва қиёслов воситалари билан жиҳозланиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга оид жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот ташкилотлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик асосида ўз фаолиятини юритади ва қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:

илғор хорижий тажрибага мувофиқ, замонавий энергия тежамкор қурилиш материаллари ва улардан фойдаланиш технологиялари ҳамда ишланмаларини яратиш;

норуда хом ашёларнинг экспресс баҳолаш тизимини татбиқ этиш, инновацион технологиялар асосида янги турдаги қурилиш материалларини яратиш, мавжуд хом ашё захираларидан оқилона ва самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

маҳаллий қурилиш материалларининг халқаро стандарт талаблари билан уйғунлаштирилиши, заруратга қараб соҳада янги миллий стандартлар ишлаб чиқиш, шаҳарсозлик нормалари қоидаларининг такомиллаштирилишида иштирок этиш;

импорт қилинадиган қурилиш материаллари бўйича синов баённомаларини расмийлаштириш, қурилиш материаллари ва буюмларини сертификатлаштириш;

қурилиш объектларида масофадан қурилиш материаллари (бетон, деворбоп ва томёпқич материаллар) сифатини аниқлашнинг инновацион тизимини эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириш;

лаборатория илмий ходимларининг чет элдаги нуфузли илмий марказларда малакасини ошириш, зарур ҳолларда, айрим масалаларни чуқур ўрганиш учун илғор хорижий мутахассисларни жалб этиш;

қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг чет элда тайёрланган лойиҳаларини адаптация қилиш ҳамда бошқа илмий-тадқиқот ва синов амалиётларини ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб энергия тежамкор усулда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни:

а) бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан бир хилда 15 фоизлик фойда солиқ ставкасига ўтказиш;

б) экспорт маҳсулотини ишлаб чиқаришда ишлатилган оҳактош учун ер қаъридан фойдаланиш солиғи ставкасини умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бир ой муддатда цемент ва архитектура-қурилиш ойнаси ишлаб чиқарувчиларни Товар ёки молия бозорида устун мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестридан чиқариш чораларини кўради.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2020 йил 1 июлдан бошлаб:

а) биржа савдоларида сотилган цемент ва қурилиш ойнаси ҳажмининг 0,3 фоизи миқдорида сотувчидан йиғим ундирилади ва биржа томонидан ҳар ой якуни билан «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг жорий таъминлаш ва унинг фаолиятини молиялаштириш мақсадида ўтказиб берилади;

б) импорт қурилиш материаллари ва хом ашёларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади ва унинг 1,0 фоизи мақсадли равишда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасига маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспортёр корхоналарни рағбатлантириш ҳамда уюшмани сақлаш ва моддий – техник таъминотини ривожлантириш мақсадида ўтказиб берилади;

в) «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси таркибидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун импорт қилинаётган хом ашёлар, кўмир ва табиий газга муқобил бошқа энергия ресурслари темир йўл орқали ташишда ички тариф ставкалари қўлланилади;

г) қурилиш материаллари саноати корхоналарини ҳудудларда жойлаштирилишида ва уларга норуда фойдали қазилма бойликларини ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилишида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг хулосаси олинади;

д) Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳар чоракда бир маротаба норуда қазилма бойликларидан оқилона фойдаланилиши юзасидан мониторинг ўтказади ва натижаси юзасидан конлардан фойдаланмаётган ёки мақсадсиз фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни муддатидан олдин бекор қилиш ва ер участкаларини давлат захирасига қайтариш бўйича тегишли чораларни кўради.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган цемент ва қурилиш ойнасининг камида 50 фоизига тенг улушларда биржа савдоларига чиқарилади ва сотилади. Бунда, биржа савдоларига қўйилмаган цемент ва қурилиш ойнаси тўғридан-тўғри шартномалар асосида ўртача биржа котировкалари нархларида, экспорт ва чакана савдога, шу жумладан электрон савдо платформалари орқали эркин нархларда сотилишига рухсат этилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишларни олиб бориш билан боғлиқ бўлган ҳамда атроф муҳитга таъсир этишнинг 2-тоифасига (ўртача хавф) кирувчи лойиҳаларга давлат экология экспертиза хулосаларини бериш ҳуқуқига эгадирлар;

в) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қатъий равишда маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади;

г) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика қурилиш объектларини етарли ҳажмдаги қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида, ҳар йили 1 ноябрга қадар республикада кейинги йил учун мўлжалланаётган капитал қурилиш ва реконструкция тадбирлари, қурилиш материалларига ички бозорда бўлган талаб тўғрисидаги маълумотларни маҳсулотлар ҳамда ҳудудлар кесимида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг «Қизилқумцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ ва «Кварц» АЖларнинг 51 фоиз давлат улушларини «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасига истисно тариқасида, танлов ўтказмасдан ишончли бошқарувга бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги бир ой муддатда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан ишончли бошқарувчининг аниқ мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда уч йиллик ишончли бошқарув шартномаси тузилишини таъминлайди.

Бунда, мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини ўртача 30 фоизга ошириш, камида 200 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилишини таъминлаш, 500 дан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш, 20 хилдан кам бўлмаган турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш, маҳсулот таннархи ва энергия сарфини ўртача жаҳон стандартлари даражасига етказишга алоҳида эътибор қаратилади.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Тошкент, Фарғона, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликларининг тажриба тариқасида қурилиш кластерларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланади.

Бунда:

қурилиш кластерларида автоклав усулида газобетон, пенобетон ва бошқа турдаги замонавий энергия тежамкор арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

қурилиш кластерларига шаҳар ва қишлоқ жойларида намунавий типдаги арзон уй-жойлар қурилиши дастурлари доирасида 2021 йилда камида 25 фоиз, 2022 йилдан 50 фоиз уй-жойлар қуриш учун ер майдонларини ажратиш;

мазкур дастурларни молиялаштираётган тижорат банклари томонидан қурилиш кластерларига қулай шартларда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар берилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Қорақалпоғистон Республикасида Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг ҳудудларда аҳолига қурилиш материаллари, шу жумладан цемент ва қурилиш ойнасини сотишга ихтисослаштирилган фирма дўконлари тармоғини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланади.

Белгилаб қўйилишича:

фирма дўконлари орқали қурилиш материаллари аҳолига нақд пулга, мажбурий тартибда назорат-касса аппаратларини қўллаган ва пул тушумларини банкка топшириш учун ҳар куни инкассо қилган, шунингдек тўловни жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидан қабул қилган ҳолда сотилади;

фирма дўконлари орқали цемент ва қурилиш ойнаси жорий биржа котировкаларидан ортиқ бўлмаган нархларда, бошқа турдаги қурилиш материаллари эса эркин нархда сотилади;

фирма дўконлари қурилиш материалларини қўшимча ҳақ ҳисобига энг сўнгги истеъмолчигача етказиб беришлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа хизмат турларини кўрсатишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилдан бошлаб ҳар йили фирма дўконлари орқали аҳолига сотиладиган цемент ва қурилиш ойнасининг етарли ҳажмларда ажратилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда республика ҳудудида табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, травертин ва бошқалар) қазиб олиш ва уларни қайта ишлашга ихтисослашган маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар механизмини ишлаб чиқиб тасдиқлайди.

Бунда:

табиий пардозбоп тошлардан (мармар, гранит, травертин ва бошқалар) чиқиндисиз ишлаб чиқаришларни амалга оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун, 2024 йил 1 январигача тўланадиган фойда ва ер солиғини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизгача қисқартириш;

корхоналар томонидан тунги вақтдаги фаолиятни давомида ишлатилган электроэнергия учун пасайтирилган тарифларни жорий этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан ушбу фаолият билан шуғулланувчи корхоналар ёки лойиҳа ташаббускорларига ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Top