Жаҳон | 02:10 / 12.06.2020
6424
2 дақиқада ўқилади

Башар Асад Сурия бош вазирини лавозимидан четлаштирди

Имад Хамис. Фото: parstoday.com

Сурия президенти Башар Асад мамлакат бош вазири Имад Хамисни эгаллаб турган лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда Суриянинг SANA давлат агентлиги пайшанба куни кечқурун хабар тарқатган.

«Президент Башар Асад вазирлар кенгаши раиси Имад Хамисни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги 143-рақамли фармонни имзолади», дейилади агентлик хабарида.

Хабарда айтилишича, бош вазир вазифасини бажарувчи этиб сув ресурслари вазирлиги раҳбари Ҳуссайн Арнус тайинланган.

Шунингдек, ҳукумат 19 июлга тайинланган мамлакат Халқ кенгаши (парламенти)га сайловлар кунига ўз вазифасини давом эттириб туради.

Бош вазирнинг алмаштирилиши Сурияда иқтисодий ва молиявий вазият ёмонлашуви фонида рўй бермоқда. Asharq Al-Awsat нашрига кўра, АҚШнинг Дамашққа нисбатан санкциялари қатъийлаштирилиши миллий валюта — Сурия фунтининг 1 долларга нисбатан курси 1020 дан 2700 фунтгача ошишига олиб келган.

7 июнь куни бош вазир Хамис ва унинг ҳукумати аъзоларининг ҳисоботи халқ кенгашида тингланган. Газета хабарига кўра, вазирлар маҳкамаси фуқароларни ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда журъатсизлик қилгани учун танқид остида қолган. Депутатлардан бири Умар Увсий ишончсизлик вотуми эълон қилган. Яна бир депутат Нура аш-Шажрий бош вазир «парламентга инқироздан чиқишнинг аниқ режасини тақдим эта олмагани»ни таъкидлаган.

Сурия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ томонидан санкцияларнинг қатъийлаштирилишини «Сурияга қарши эълон қилинган, қон тўкилишига олиб келган урушнинг бир қисми бўлмиш иқтисодий террор» ўлароқ баҳолаган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид