Жаҳон | 21:24 / 12.06.2020
7695
1 дақиқада ўқилади

БМТ: Saudi Aramco корхоналарига Эрон қуроли билан ҳужум қилинган 

БМТ Саудия Арабистонининг Saudi Aramco компаниясига тегишли нефть объектлари ва Абҳа аэропортига Эронда ишлаб чиқарилган қурол билан ҳужум қилингани ҳақидаги хулосага келди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Хавфсизлик кенгашига тайёрлаган маърузасида айтилган. 

ҳужумда қўлланган дрон қолдиқлари / Фото: AP

“Котибиятнинг баҳолашича, 4 та ҳужумда қўлланган қанотли ракеталар ва уларнинг қисмлари Эронда ишлаб чиқарилган”, дейилган ҳужжатда. Ушбу хулосага БМТ ихтиёрида бўлган қуроллар бўлаклари таҳлили асосида келинган. Ҳужжатда 2019 йил май ойида Афифдаги корхоналарга қарши содир этилган ҳужумлар ва июнь ҳамда август ойларида Абҳа аэропортининг ўққа тутилиши кўриб чиқилган

2019 йил сентябрда Абқайқ ва Ҳурайсдаги объектларга ҳужумларда қўлланган дронлар ҳам Эрон билан боғлиқ. Ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни яманлик ҳусийлар ўз зиммаларига олган. Ҳужумлар давомида етказилган талафотлар оқибатида Саудия Арабистонида нефть қазиб олиш ҳажми кунига 5,7 млн баррелга қисқарган. АҚШ ушбу ҳужумларда Эронни айблаб, Теҳронга қарши санкциялар киритганди.

Мавзуга оид