Жаҳон | 11:00 / 14.06.2020
18821
9 дақиқада ўқилади

Эроннинг Сурия бўйича сиёсати ўзгарадими?

2011 йилда бошланган фуқаролик урушининг ҳар бир босқичида Башар Асадни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган Эрон бу ишни аввало ўзининг сиёсий барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширди. Бу эса ўз навбатида Теҳроннинг хавфсизлиги Дамашқдан бошланишини, яъни Эрон хавфсизлик чегарасини ўз ҳудудидан ташқарида белгилаганини англатарди.

Фото: Anadolu agency

Эроннинг «жилов»ини ким тортиб турибди?

Эрон Сурия билан қуруқликда умумий чегарага эга эмаслиги бу фикрнинг нақадар оғир ва экспансиявий характерга эгалигини кўрсатди. Эрон нафақат Сурияни, балки Ироқ, Ливан ва Яманни ҳам қамраб олувчи кенгроқ минтақавий тизимни кўзламоқда. Айтиш мумкинки, «Шиа ҳилоли» формуласи ҳам ушбу тизимнинг ҳосиласидир. Юқорида айтиб ўтилган экспансионизм эса ўзида ҳарбий ва стратегик жиҳатлардан ташқари, Эроннинг Сурияга иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам кириб борганини ифода этади.

Бироқ таъкидлаш жоизки, Теҳрон муваффақиятга ёлғиз ўзи эришгани йўқ. 2015 йилда Россия уруш майдонига кириб келди ва ҳаво ҳужумлари билан мухолифатни чекинтиришга киришди. Шу даврдан эътиборан Асад учун хавф-хатар йўқолиши баробарида Сурия масаласи Теҳрон маъмурияти учун ҳарбий хавфсизлик мақомидан чиқди.

Эндиликда Теҳрон Сурияни ўз хавфсизлиги учун асос, Асадни ҳокимият тепасида ушлаб туришни эса стратегик ютуқларнинг калити сифатида кўради. Аммо бу давлатнинг Суриядаги таъсири чекланган. АҚШ, Россия, Туркия ва бошқа кучли фигуралар Эроннинг «жиловини тортиб турибди». Шу боис ҳам бу давлат Сурияда аввалгидек бемалол иш юрита олмаяпти.

Эроннинг Суриядаги йўқотишлари ва ютуқлари

Сўнгги йилларда Эрон ҳарбий кучлари ёки Ислом инқилоби муҳофизлари (DMO) томонидан мувофиқлаштирилган шиа милициясининг минтақавий бўлинмалари йўқотишларга учрамоқда. Ушбу йўқотишларнинг асосий сабаби эса Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳаво ҳужумларидир. Мазкур операциялар давомида Эрон юзлаб аскарларини йўқотди. Эроннинг Суриядаги ҳамкори Россия эса бу вазиятга жимгина қараб турибди. Исроилнинг Россия ҳаво ҳужуми мудофаа тизимлари қаршилигини енгиб ўтиб, ҳужум қилолмаслигини ҳисобга олсак, Россия Сурияда Эронни чеклашга уринаётгани ойдинлашади.

Шу маънода, Россия Халқаро ишлар кенгаши (RIAC) тадқиқот институтининг Россия-Туркия-Эрон алоқалари тўғрисида эълон қилган ҳисоботи эътиборга молик. Мазкур ҳисоботда келтирилишича, Россия ва Туркия Асадни ҳокимиятдан олишга, Сурия мухолифатини ҳам ичига оладиган ўтиш даври ҳукуматини тузиш тўғрисида келишиб олишган. Буни Россиянинг Сурия масаласида ўз позициясини қайта кўриб чиқаётгани сифатида баҳолаш мумкин.

Россиядан кам харажат қилинмаган

Эҳтимол, Эрон Асадни ҳокимият тепасида ушлаб туришда Россия каби таъсир кучига эга бўлмагандир, лекин эронликлар урушда Россиядан кам харажат қилишгани йўқ. Эроннинг олдинги парламент аъзоларидан бири бўлган Ҳашметуллоҳ Фелаҳетпишенинг Асадни ҳокимият тепасида тутиб қолиш учун 20-30 миллиард доллар сарфлангани тўғрисида берган баёноти ҳам бунинг яққол далилидир. 

Маълумки, Эроннинг ташқи сиёсатини белгилашда Ташқи ишлар вазирлигидан ташқари турли институтлар ҳам ўз ҳуқуқига эга. Улардан бири парламентдаги Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссиясидир. Ушбу комиссия аъзоси бўлган Фелаҳетпише томонидан берилган баёнот расмий аҳамиятга эга бўлиб, ташкилотнинг Сурия масаласига ёндашувини аниқ кўрсатмоқда.

Сурияда қарийб 3 минг аскар йўқотилди

Fars News Agency

Эрон ташқи сиёсатидаги энг таъсирли органлардан яна бири – бу Ислом инқилоби муҳофизларидир. Суриядаги фуқаролар уруши даврида нуфузи ва минтақавий сиёсатни белгилашдаги роли ортган бу ташкилот ўз устунлигини йўқотишни истамайди. Гарчи Қосим Сулаймоний Сурия инқирозидан олдин ҳам машҳур ҳарбий арбоб сифатида танилган бўлса-да, сўнгги 10 йил ичида у эронликлар наздида афсонавий мақомга кўтарилди. Дафн маросимида миллионлаб одамлар иштирок этгани, издиҳом ва эътирофли баёнотлар унинг мамлакат ҳаётида нақадар қийматли шахсга айланганини кўрсатди. Унинг ўлими ҳатто Эрон режимидан жуда узоқ бўлган эронликларнинг ҳам онгида «эронлик» тушунчасини уйғота олди.

Таъкидлаш жоизки, Қосим Сулаймоний каби бошқа қўмондонлар ва аскарларнинг Сурияда ўлим топгани ҳақидаги хабарлар ҳам Эрон жамиятининг Сурия билан боғлиқ туйғуларини жунбишга келтирмоқда. Фуқаролар уруши бошлангандан бери Сурияда Эроннинг қарийб 3 минг аскари ҳалок бўлди. Кўплаб ҳарбийлар жароҳатланди. Бундан ташқари, турли мамлакатлардан DMO томонидан Сурияда жанг қилиш учун келтирилган шиа милицияларининг дафн маросимлари ҳам Эронда ўтказилмоқда. Бу эса урушнинг сиёсий назариясини «озиқлантирмоқда».  

Экспансиявий сиёсат иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда

Эроннинг Суриядаги фуқаролар урушига аралашиши ички сиёсатга ҳам босим ўтказмоқда. Йўқотилган ҳар бир аскар Эроннинг Сурия можаросига аралашиши қанчалик тўғри экани ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлмоқда. Мамлакатда сўнгги уч йил давомида такрорланган норозилик намойишларида кўтарилган энг муҳим масалалардан бири ҳам Эроннинг экспансиявий фаолияти мамлакат иқтисодиётида муаммолар келтириб чиқараётганидир. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида юзлаб инсонлар ўлимига ва жароҳат олишига сабаб бўлган бензин нархининг ошишига қарши ўтказилган норозилик намойишлари Эрон иқтисодий тузилмасининг нақадар заифлигини кўрсатиб қўйди. Мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ёмонлигининг асосий сабаби сифатида эса Сурияда сарфланаётган маблағлар кўрсатилди.

Эрон – Сурия иқтисодиётининг етакчи иштирокчиси

Фото: Anadolu agency

Иқтисодий нуқтайи назардан қараганда, Эрон аллақачон Сурия иқтисодиётининг етакчи иштирокчиларидан бирига айланган. Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2021 йил мартга қадар 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ҳозирда яна кўплаб савдо тармоқлари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, уруш натижасида вайрон бўлган Сурияни қайта тиклашда Эрон компаниялари муҳим рол ўйнамоқда. Сурия амалдорлари ҳам Эрон компанияларига имтиёзлар берилишини айтишмоқда. Ҳозирданоқ юз минглаб янги уй-жой лойиҳалари амалга оширила бошланди.

Бундан ташқари, телекоммуникация линиялари каби турли инфратузилма лойиҳалари ҳам Эрон компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Инқилоб қўриқчиларига қарашли Ҳатем-ул Энбия Қурилиш штаб-квартираси ва унга боғлиқ қурилиш компаниялари бу борада яловбардорлик қилмоқда. Дамашқ ва Ҳалаб бозорларида эса Эрон маркалари ва Эронда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар устун мавқега эга. Яъни мамлакатнинг Суриядаги иқтисодий таъсири кундан кунга ортиб бормоқда.

Эроннинг Суриядаги таъсири нафақат ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам аҳамиятга эга. Ушбу мамлакатларнинг икки томонлама муносабатлари фуқаролар урушидан олдин ҳам кучли эди. Икки давлат жамоасини яқинлаштириш, айниқса, талабалар алмашинуви дастурлари билан боғлиқ жараёнлар шулар жумласидандир.

Ўта хавфли сиёсат юритилмоқда

Уруш пайтида эса Эрон Суриядаги ижтимоий сармояларини янги босқичга кўтарди ва муносабатлардаги мувозанатни ўз фойдасига оғдирди. Мазҳаблараро идентификация сиёсати олиб борилди. Шу маънода, сўнгги йилларда Эроннинг Суриядаги демографик муҳандислик тадқиқотлари эътиборни тортмоқда.

Теҳрон маъмурияти урушдан бўшаган минтақаларда шиа аҳолисини жойлаштирмоқда. Шундай қилиб, у ҳам ўзининг сиёсий таъсирига асос яратмоқда, ҳам кейинги даврларда юзага келадиган мазҳаблараро низоларга йўл очмоқда. Бу ўта хавфли сиёсатнинг Эрон учун оқибатлари оғир бўлмаслигига кафолат йўқ. Масалан, сўнгги пайтларда Ироқ ва Ливан каби аҳолиси орасида шиалар кўп бўлган минтақаларда Эрон антипатияси кузатилаётгани Эроннинг мазҳаб орқали олиб борган сиёсати унчалик ҳам муваффақиятли эмаслигини кўрсатмоқда. Аммо ҳозирча Теҳрон ушбу сиёсатдан воз кечмоқчи эмас.

Теҳроннинг Сурия стратегиясини ўзгартириш қийин

Эрон сўнгги йилларда кўплаб инқирозларга дуч келди. Ушбу инқирозлар давлатнинг минтақавий сиёсатига ҳам таъсир қилди. Натижада Эрон Сурияда аввалги йилларга нисбатан заиф позицияга ўтди. Иқтисодий тузилмани яхшилаш ва ижтимоий кескинликни пасайтириш учун Сурия сиёсати қайта кўриб чиқилиши лозим кўринса-да, Теҳрон маъмурияти бу борада ҳеч бир ўзгариш қилмади. На Қосим Сулаймонийнинг ўлими, на коронавирус пандемияси, на Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва на АҚШ билан юзага келган кескинлик Эроннинг Сурия сиёсатини ўзгартира олди. Вақти-вақти билан Содиқ Зибакелам каби ислоҳотчи зиёлилар мамлакатнинг Сурия сиёсатини танқид қилаётганига қарамай, Эрон сиёсий элитаси ўзининг Сурияга бўлган муносабатини ўзгартирмаяпти. Сурияда куч йўқотилаётган бўлса-да, Эрон келгуси даврда барча сиёсий даъволаридан воз кечиб, минтақадан чиқиб кетмоқчи эмас.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид