Жамият | 08:16 / 16.06.2020
8187
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда ўқ-дори ясаган ва сақлаб келган шахс аниқланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

2020 йилнинг 7 июнь куни тахминан соат 15:30да Тошкент вилоятида ИИБ ходимлари томонидан тезкор қидирув тадбири ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Натижада, Қибрай тумани Тановар кўчасида яшовчи 67 ёшли Қ.Т. хонадонида яширин равишда 19  дона 12х76 калибрли ичи тўлдирилган бутун ҳолдаги патронлар, 9 дона 12х76 калибрли гильзалар, икки хил турдаги тахминан оғирлиги 100 гр ёнувчи кукунлар (порох) ва хар хил турдаги тахминан вазни 1,5 килограммни ташкил қилувчи дроб, шунингдек ўқ дори ясаш учун мўлжалланган 8 турдаги  деталь ва моддаларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Суд баллистик экспертиза хулосасида фуқаро Қ.Т.нинг уйидан олинган патронлар отиш учун яроқли, гильзалар эса отиш учун яроқсиз эканлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Қибрай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш ва сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши тўғрисида эслатиб ўтамиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид