Жаҳон | 07:31 / 16.06.2020
10618
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг яна бир шаҳрида коронавирус сабабли ҳарбий ҳолат жорий қилинди

Фото: Фото: Thomas Peter / Reuters

Хитойнинг Хэбэй провинциясида жойлашган Баодин шаҳрида қўшни Пекинда коронавирус тарқалиши авж олгандан кейин ҳарбий ҳолат киритилди.

Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штабда таъкидланишича, шаҳарда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик учун иложи борича тезроқ “ҳарбий давр механизми” йўлга қўйилади.

Маҳаллий маъмуриятнинг таъкидлашича, Баодинда Пекин билан қўшни бўлгани сабабли алоҳида синчков бўлиш талаб этилади. Маҳаллий аҳоли ўз саломатлиги ортидан кузатишга ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишга чақирилган. 

Баодин Пекиндан 140 км узоқликда жойлашган бўлиб, унда 11 млн киши яшайди.

Пекинда 11 июнгача 56 кун давомида коронавирусга чалиниш ҳолати қайд қилинмай келинаётганди. Кейинроқ шаҳарнинг Фэнтай тумани раҳбари Чу Цзюньвэй маҳаллий озиқ-овқат бозорида коронавирус тарқалиши қайд этилгандан сўнг туманда ҳарбий давр режими киритилишини эълон қилди. Бозор атрофидаги 11 та тураржой мажмуасида яшовчи аҳолига уйларини тарк этиш тақиқланган ва улар ўзини изоляциялаш режимига риоя қилишлари лозим. 

Бозор унга ташриф буюрган 517 кишидан 45 нафарида коронавирусга тест мусбат натижа бергандан кейин 13 июнда ёпиб қўйилган. Бозор бошқарувчисининг маълум қилишича, вирус лосос балиғини нимталашда қўлланган тахтакачда аниқланган. Касалланган балиқ денгиз маҳсулотлари бозори Цзиншэндан келтирилган. Аввалроқ бу бозорда коронавирус тарқалиши ўчоғи қайд этилган бўлган.

Мавзуга оид