23:09 / 17.06.2020
55624

Манба: Вазирлар Маҳкамаси ходимида коронавирус чиққан

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги департамент мудирига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz’нинг бир неча манбалари тасдиқлади.

Ҳозирча бу маълумот расман эълон қилинмади.

Шу билан биргаликда, манбаларнинг маълум қилишича, айни вақтда ҳукумат биноси қатъий карантинга олинган, барча ходимлар коронавирусга тест топширишмоқда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 2-16 июнь кунларида 551 ҳолат қайд этилиб, шундан 482таси аҳоли орасида аниқланган. 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаси номаълумлигича қолган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 16 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 14та янги ҳолат қайд этилган. Жумладан, Олмазор туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзосида, Сергели туманида бир оиланинг 5 аъзосида, Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, «Малика» савдо мажмуаси сотувчисида ва Юнусобод туманида яшовчи ҳомиладор аёлда вирус чиққан.

Бугун Тошкент шаҳар ИИББ «Малика» савдо маркази, Юнусобод деҳқон бозори ва «Ўрикзор» ёпилгани, шаҳардаги 71та маҳалла «қизил» ҳудуд сифатида белгилангани ҳақида маълум қилди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top