Иқтисодиёт | 12:55 / 18.06.2020
9671
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия агросаноат кластерлари ташкил этишни режалаштирмоқда

Агросаноат кластерларида кунгабоқар ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг тўлиқ циклини қамраб олиниши мўлжалланмоқда.

Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Россия бош вазирининг ўринбосари Алексей Оверчук ҳамраислигида кенгайтирилган Ўзбекистон - Россия ҳукуматлараро музокаралари бўлиб ўтди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда, икки мамлакат ҳудудида кунгабоқар ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг тўлиқ циклини қамраб олувчи агросаноат кластерларини яратиш имкониятлари ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, ип-калава, газлама материаллари ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ёғочни қайта ишлаш, электротехника маҳсулотлари ва енгил автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар тузиш бўйича қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.

Келишилган лойиҳалар ва ташаббусларни жорий қилишни тезлаштириш ва ҳар ойда уларнинг амалга ошириш жараёнини ўрганиб бориш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларини инвестицион шерикликни кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятлар ва икки томонлама савдо ҳажмини ошириш механизмлари ҳақида хабардор қилиб бориш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, логистика соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди: икки мамлакат ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва ташиш учун қўшма юк-экспедиторлик компаниялари, логистика ва улгуржи тақсимлаш марказларини яратиш истиқболлари муҳокама этилди. Томонларнинг умумий фикрига кўра, бундай марказларнинг яратилиши, транспорт харажатларини сезиларли даражада камайтиради, сифатни сақлаб қолган ҳолда ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчига товарларни тезда етказиб беришни таъминлайди, бу Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажмининг сезиларли ошишига олиб келади.

Мавзуга оид