19:33 / 18.06.2020
52005

Пулнинг ватани қаерлигини биласизми?

Замонавий дунёда телефондан фойдаланиб, сониялар ичида миллионлаб пулларни бир манзилдан иккинчисига кўчириш мумкин. Асрлар давомида эса инсоният тасаввурида пул – металл тангалардан иборат бўлиб келган.

Пул инсоният тарихи 3-минг йиллигининг ажралмас бўлаги саналади. У ихтиро қилинишидан олдин эса одамлар ўзаро айирбошлаш муносабатидан фойдаланишган.

Фото: Look and Learn

Ўзаро айирбошлашда товарлар билан товарлар ёки товарлар билан хизматлар ёхуд хизматлар билан хизматлар айирбошланган. Лекин бунда маълум қийинчиликлар ва вақт йўқотиш ҳолатлари кўп бўлган.

Масалан, кимдир битта тошдан ясалган болта эвазига бирор овчидан мамонтни отиб беришини сўраса, овчи ҳақиқатан ҳам, битта болта эвазига хизмат қилиши арзирли ёки йўқ эканини аниқлашга вақт кетган.

Кейинчалик эса ҳали пул ихтиро қилинмай туриб ҳам одамлар осон сотилиши мумкин бўлган буюмлардан, масалан, ҳайвон териси, туз ва ўқ-дорилардан ўртача қийматли айирбошлаш воситалари сифатида фойдаланишган.

Фото: Behance

«Жароҳатловчи» тангалар

Тахминан милоддан аввалги 770-йилларда хитойликлар маълум турдаги буюм ва қуролларни айирбошлаш учун уларнинг бронзадан ясалган кичик шаклларидан фойдаланишган. Бироқ одамлар чўнтакларидан кичик ханжар, белкуракни олиш пайтида қўлларини жароҳатлаб олиши мумкин эди ва табиийки, буни ҳеч ким хоҳламаган. Шунинг учун вақт ўтиб, бу каби бронза буюмчалар думалоқ шаклдаги қулай тангаларга айланиб борган.

Гарчи биринчи тангалар (бронза шаклдаги айлана жисмлар) Хитойда муомалага киритилган бўлса-да, илк тангалар тарихий Лидияда (ҳозирги ғарбий Туркия) зарб этила бошланган.

«Крездек бадавлат» таърифи кимга ишора қилади?

Биринчи тангалар тарихий Лидиядан (ҳозирги ғарбий Туркия) унча узоқ бўлмаган ҳудудлардан топилган.

Милоддан аввалги 600-йилларда Лидия қироли Аляттес биринчи расмий тангани зарб эттирди. Бу тангалар олтин ва кумуш аралашмасидан ясалган ва муҳр босилган кўринишда бўлган.

Лидия пул бирлиги мамлакатнинг ички ва ташқи савдоси ривожланишига ёрдам берди, шунингдек, давлатни Осиёнинг энг бой империясига айлантирди. Кейинчалик ҳатто Лидия билан боғлиқ тарзда «Крездек бадавлат» деган ибора ҳам одамлар орасида тарқалади. Бунинг билан илк олтин тангаларни зарб эттирган Лидиянинг сўнгги ҳукмдори Крезга ишора қилинган.

Лидия тангалари 
Фото: Wildwinds

Қалбакилаштиришнинг жазоси – ўлим

Пул бирлиги борасида Лидия дунёда лидер бўлиб турган даврларда хитойликлар танга ўрнига қоғоз пуллар ишлаб чиқара бошлайди.

Марк Поло Хитойга сафар қилган милодий 1271-йилга қадар ҳам Хитойда пул сиёсати анча яхши йўлга қўйилган бўлган. Ҳатто Хитой пулларига: «Ким қалбакилаштиришга уринса, боши кесилади», деб ёзиб қўйилган.

Пул ваъда қиладиган қоғозлар

Европада эса 16-асрга қадар ҳануз танга пуллардан фойдаланиш оммабоп бўлган. Сабаби – европаликлар ўша даврда турли ҳудудлардаги колонияларидан қимматбаҳо металларни кўп миқдорда ташиб келтиришган.

Ва ниҳоят, Европада банкларда пул сақловчи ва қарз олувчилар учун банкноталар ишлаб чиқарила бошлаган. Бу банкноталар маълум қийматга тенг бўлган ва ўз қимматига мос олтин ва кумуш тангаларга айирбошланган.

Фото: RBS

Биринчи қоғоз пул бирликлари Европа давлатлари томонидан Шимолия Америка билан колония муносабатларини тартибга солиш учун жиддий ўйлаб чиқилган.

Сабаби Европадан колонияларгача бўлган йўл узоқ эди ва колонистларнинг нақд пуллари йўлда тугаб қолган. Бундай вазиятда айирбошлаш усулидан фойдаланиш ўрнига мустамлакачилар «IOU» («I owe you» – «Сиздан қарздорман») усулидан, яъни маълум пулни тўлаш мажбуриятини олганлик ҳақида ёзма ваъда бериш усулидан фойдаланишган.

Фото: Steemit

Масалан, Франциянинг колонияларда хизмат қилаётган аскарларига ҳукумат томонидан маълум миқдордаги пул ваъда қилинган, имзоланган кўринишдаги қоғозлар тангалар ўрнига тарқатилган.

Валюта бозори ва у билан боғлиқ урушлар

Қоғоз пулларнинг оммалашиши халқаро савдо имкониятини оширди. Банклар ва ҳукмрон синфлар эса турли давлатларнинг валюталарини сотиб ола бошладилар ва улар биринчи валюта бозорини яратишди.

Бирор давлатнинг барқарорлиги унинг валюта сиёсати билан ҳам белгиланадиган бўлди. Давлатлар ўртасидаги рақобат валюта урушларига ҳам сабаб бўлди. Бунда бир-бирининг валютасини қадрсизлантириш ва унинг харид қувватини пасайтиришга ҳаракатлар бошланди.

Номоддий пулдан фойдаланиш даври

XX асрда монетар ҳаёт кескин бурилишларга учради. Умумий валюта бозори шаклланди, олтин-валюта стандарти қабул қилинди.

21-асрда эса пул билан боғлиқ иккита ўзига хос тенденция оммалашди: электрон тўловлар ва криптовалюта. Эндиликда номоддий электрон пуллар одамларнинг оғирини енгил қилмоқда. Виртуал пулдан фойдаланиш қоғоз банкнота ишлатишдан кўра қулайроқ, маблағни виртуал шаклда сақлаш хавфсизроқ саналади.

2008 йилда ишлаб чиқилган биткоин – энг машҳур криптовалюта бўлиб турибди. Ҳозирга келиб, дунёдаги жами пулларнинг 0,4 фоизи биткоиндан иборат. 1 биткоин 9400 доллар ёки 96 млн сўмга яқин қийматга эга.

Top