Ўзбекистон | 08:54 / 19.06.2020
4641
3 дақиқада ўқилади

Аудиторлик фаолиятида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия бериш тартибини бекор қилган ҳолда аудиторлар ва аудиторлик ташкилотларининг соддалаштирилган реестрини қўллаш тартиби белгиланяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан видеоконференция тарзида ташкил этилган семинарда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири)ни иккинчи ўқишга тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.

Парламент сайтида ёзилишича, қонун лойиҳасида аудиторлик фаолиятини фақат аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш, аудиторлик текширувини ўтказиш ҳуқуқини берадиган тартибларни соддалаштириш кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, аудиторларнинг самарали малака ошириш тизимини ташкил қилиш ҳам белгиланмоқда. Энг асосийси, аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия бериш тартибини бекор қилган ҳолда аудиторлар ва аудиторлик ташкилотларининг соддалаштирилган реестрини қўллаш тартиби белгиланяпти.

Депутатларнинг фикрича, аудиторлик ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорига бўлган талабнинг бекор қилиниши ҳамда айнан битта хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувларини ўтказиш кетма-кет етти йилдан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтирилиши ушбу фаолият турини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида дастлаб аудиторлик ташкилотларини республика жамоат бирлашмаларига мажбурий аъзо қилиш белгиланганди. Бу амалиёт айрим хориж мамлакатларида ҳам мавжуд. Муҳокамалар жараёнида аудиторлик ташкилоти тадбиркорлик билан шуғулланиши инобатга олиниб, уларни жамоат ташкилотларига мажбурий аъзо қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги, мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш таклиф қилинган эди. Депутатлар ушбу нормани аудиторлик ташкилотларининг ҳуқуқларига киритиш, аъзолик масаласи ташкилотнинг хоҳишига кўра, амалга оширилиши лозимлигини таъкидлаб ўтишди.

Аудиторлик хизмати сифатини таъминлаш ва ошириб бориш мақсадида махсус ваколатли давлат органи аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда, аудиторлик ташкилотларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, уларнинг иш сифатини ташқи назоратдан ўтказиб бориши белгиланмоқда. Шунингдек, аудиторлик фаолиятини фақат аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш, аудиторлик ташкилотида аудиторларнинг энг кам сонини амалдаги икки нафардан камида тўрт нафарга ошириш талаблари кўзда тутилган бўлиб, бу ўз навбатида, аудит сифатини оширишга имкон беради.

Якунда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисига киритишга келишиб олинди.

Мавзуга оид