Ўзбекистон | 19:49 / 19.06.2020
4751
2 дақиқада ўқилади

Қувурлар эскиргани туфайли 30 фоиз ичимлик суви йўқотилмоқда

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ичимлик сувининг 30 фоизи қувурлар эскиргани, яроқлилик муддати ўтгани сабабли йўқотилмоқда.

Бугун, 19 июнь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумот берди.

«Ўзбекистонда аҳоли истеъмоли учун бир кунда 4 миллион куб метр ичимлик суви ишлаб чиқарилади. Маълум ҳудудларда график асосида, масалан, куннинг маълум қисмларида сув берилади, айрим жойлар эса 8 соат, баъзи ҳудудлар эса 24 соат ичимлик суви билан таъминланади.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати

Барча истеъмолчиларни ҳисобга олсак, аҳолининг кунлик сув истеъмоли 4 миллион куб метрни ташкил қилади», – деди Алипаша Аҳмедов.

Вазирлик вакилига кўра, қувурлар эскиргани ва уларнинг яроқлилик муддати ўтгани туфайли республикада сув йўқотиш кўрсаткичи жуда юқори: ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган ичимлик сувининг 30 фоизи йўқотилмоқда.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати

«Жаҳон тажрибасида ҳам ўзига хос техник ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда 10-15 фоизгача сув йўқотилиши табиий ҳолат саналади. Лекин бу кўрсаткич 30 фоиздан баланд бўлмаслиги керак.

Ҳозирги кундаги асосий вазифалардан бири ҳам бу муаммони ҳал қилишдан иборат. Вазирлик 2017 йилда ташкил этилган бўлса, ўтган 3 йил давомида ичимлик суви йўқотиш даражасини ҳар йили 2-3 фоизга камайтириб бормоқда. 2020 йилда ҳам сув йўқотиш кўрсаткичини 4-5 фоизга камайтириш режалаштирилган», – деди Алипаша Аҳмедов.

Мавзуга оид