16:21 / 20.06.2020
52476

Ҳиндистон зудлик билан 30дан ортиқ қирувчи самолёт сотиб олмоқчи

16 июнга ўтар кечаси Ҳиндистон-Хитой чегарасида икки давлат ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз берди. Оқибатда ҳиндистонлик 20 ҳарбий ҳалок бўлди, 76 нафари яраланди.

Фото: Фото: Grubb / Wikimedia

Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакат ҳукуматига зудлик билан 33 дона қирувчи самолёт сотиб олиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда ANI агентлиги хабар берди.

Агентликнинг маълумот беришича, гап 21 дона МиГ-29 ва 12 дона Су-30МКИ самолётлари ҳақида бормоқда.

Қайд этилишича, ушбу таклиф Ҳиндистон-Хитой можароси фонида берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнга ўтар кечаси Ҳиндистон-Хитой чегарасида икки давлат ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз берди. Оқибатда ҳиндистонлик 20 ҳарбий ҳалок бўлди, 76 нафари яраланди. Таъкидланишича, 45 йил ичида ушбу ҳудудда биринчи марта ҳарбийлар ҳалок бўлган. 

Ҳинд ОАВда можаро вақтида хитойлик ҳарбийлар ҳам йўқотишларга учрагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Бироқ Хитойнинг ўзи бу борада расмий маълумотлар бермаган.

Можародан кейин Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди зарурат юзага келса, мамлакат Хитойга зарба беришга тайёрлигини маълум қилди.

18 июнда Reuters ахборот агентлиги ҳинд ҳарбий машиналарининг катта колоннаси тўқнашув юз берган Галван водийсига йўналаётгани суратини эълон қилди.

Ўз навбатида Пекин қўшни давлат ҳарбийлари келишувларни бузиб, чегарани кесиб ўтишгани ва хитойлик ҳарбийларга ҳужум қилишганини маълум қилиб, можарода Ҳиндистон томонини айблади..

Top